Зеленский Киевда АҚШ делегациясини қабул қилди 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 1 май куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси билан учрашди. Президентнинг Telegram каналидаги хабарга кўра, учрашув Киевда бўлиб ўтган. 

Зеленский Пелоси ва Америка делегациясини Банкова кўчасидаги Президент идораси олдида кутиб олган. Кейин улар музокаралар учун бинога кирган. 

Бу АҚШ расмий делегациясининг Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери Украинага биринчи ташрифидир. 

Зеленский АҚШ Россия агрессиясига қарши курашда Украинани кучли қўллаб-қувватловчи етакчи эканлигини таъкидлаган. У АҚШга Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда ёрдам бергани учун миннатдорлик билдирган. 

“Мен Америка Қўшма Штатлари, халқ, Конгресс томонидан кучли қўллаб-қувватлаш сигнали учун сиздан миннатдорман. Бу сигнални мен Президент сифатида, шунингдек, бизнинг жамоамиз ва Украина халқи юқори баҳолаймиз. Бу шуни кўрсатадики, Қўшма Штатлар бугун Россия Федерациясининг агрессиясига қарши урушда Украинани кучли қўллаб-қувватловчи етакчи ҳисобланади”, деган Зеленский. 

Ўз навбатида, Пелоси Президентга АҚШ Конгресси ва халқининг саломини етказган, шунингдек, Украинага кураш учун миннатдорлик билдирган ва АҚШ бу кураш тугамагунча Украина билан бўлишини таъкидлаган. 

Зеленский Украина-Америка давлатлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси, суверен, мустақил ва демократик Украинани қўллаб-қувватлагани учун Пелосини малика Ольга ордени билан тақдирлаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг