Зеленский халқини нега Россия босқинидан огоҳлантирмаганини айтди
Олам
−
17 Август 2022
18605Агар Украина ҳукумати Россиянинг яқинлашиб келаётган босқинини олдиндан билиб, аҳолини бу ҳақда огоҳлантирганида, мамлакат ички тартибсизлик ва аҳолининг оммавий эмиграцияси туфайли ўзини ҳимоя қила олмас эди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский “The Washington Post” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, уруш бошланганидан буён мамлакат иқтисодиёти ойига 5 миллиард доллардан 7 миллиард долларгача зарар кўрмоқда.
“Менга ўша вақтда шунчаки мана, сиз ҳозирданоқ одамларни тайёрлашни бошлашингиз керак ва уларга пулни тежаш керак, улар озиқ-овқат захира қилиб қўйишлари керак, деб айта олмасдингиз.
Агар биз буни (бўлажак босқин ҳақида украиналикларга) айтганимизда – мен исмини айтмайман, баъзи одамлар хоҳлаган эди – мен ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб ойига 7 миллиард доллар йўқотган бўлардим. Шунингдек, руслар бизга ҳужум қилиб, бизни уч кун ичида қўлга олишарди”, дейди Зеленский.
Украина етакчиси украиналикларни босқин ҳақида хабардор қилишни ким таклиф қилганини ошкор қилмаган. Унинг фикрича, мамлакат ҳокимияти тўғри иш қилди: “Агар биз босқиндан олдин халқ орасига тартибсизлик сепганимизда, руслар бизни ютиб юборган бўларди. Чунки тартибсизлик даврида одамлар мамлакатдан қочиб кетишади”.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, бундай сиёсат босқин пайти Украина имкон қадар кучли бўлишига олиб келди. Баъзи украиналиклар кетишди, лекин аксарияти мамлакатда қолиб, ўз уйлари учун курашга киришди, дея қўшимча қилган Президент.
"Ва бу қанчалик бемаъни туюлмасин, лекин ҳамма нарсани тўхтатган одамлар", дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси