Зеленский икки йўналишда руслар сиқиб чиқарилаётганини айтди
Олам
−
10 Июнь 2022
12367Украина Президенти Владимир Зеленский Запорожье ва Харьков вилоятларида душманга қарши курашда муваффақият қозонаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Зеленский видеомурожаатида айтди.
Шунингдек, у 9 июнь куни эрталабки ҳужумдан кейин кун давомида Харьковда телекўрсатувларни қайтадан йўлга қўйган мутахассисларга миннатдорлик билдирган.
“Телевизион марказларга зарба бериш, алоқа каналларини йўқ қилиш, одамларни ёлғиз қолдириш – булар босқинчиларнинг тактикаси, уларсиз буни амалга ошириш мумкин эмас. Чунки очиқлик ва ҳалоллик ҳам Россия давлатига қарши қуролдир”, деб таъкидлаган Президент.
Унинг сўзларига кўра, фронтдаги вазият сўнгги суткада деярли ўзгармаган.
“Ҳозирда босқинчилар Северодонецк, Лисичанск ва Донбасснинг бошқа шаҳарларини асосий нишон деб ҳисобламоқда. Запорожье вилоятида бизда маълум бир ижобий ўзгариш бор, у ерда босқинчиларнинг режаларини пучга чиқаришга муваффақ бўляпмиз. Биз Харьков вилоятида еримизни озод қилиб, аста-секин олға боряпмиз. Николайев йўналиши бўйича мудофаани ушлаб турибмиз”, дейди Зеленский.
Қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда Россия кучлари бор эътиборини Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрига қаратган. Шаҳар учун шиддатли жанглар давом этмоқда. Руслар шаҳарнинг катта қисмини эгаллагани айтилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь