Зеленский дунёни Россиянинг гибрид агрессиясидан ҳимоя қилиш йўлини айтди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский навбатдаги анъанавий видеомурожаатида Россия нефти нархини чеклаш Россия гибрид агрессиясидан ҳимоя элементи бўлишини айтди.  

“Биз барча Европа мамлакатларида, Европа жамиятларининг барча аудиторияларида Украинани қўллаб-қувватлаш ва тушуниш учун курашамиз. Ҳар сафар Украина мудофааси бутун Европанинг, бутун демократик дунёнинг ҳимояси эканлигини эслатиб турамиз”, дейди у. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, G7 мамлакатлари Россия нефти нархини чеклаш бўйича келишилган қарорни айнан шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш керак.  

“Ушбу механизм амалга оширилса, у цивилизациялашган давлатлар ва энергия бозорларини Россия гибрид агрессиясидан ҳимоя қилишнинг муҳим элементига айланади. Дарҳақиқат, Россия газининг нархи ҳам чекланган бўлиши керак. Бугун бу ҳақда гапирган Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен хонимдан миннатдорман”, дейди у. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россияга қарши айнан шундай энергия санкциялари вақти келди.  

“Санкциялар нафақат Москвага нефть долларлар ва газ евролар оқимини чеклайди, балки Россия энергия бозорида сунъий равишда оширилган нарх инқирози билан шантаж қилишга уринаётган барча европаликлар учун адолатни тиклайди”, дейди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг