Зеленский дунё мамлакатларини очарчиликдан огоҳлантирди

Олам 8317
image

Агар Украина портларидаги ғалла олиб чиқиб кетилмаса, дунё сиёсий тартибсизликка дуч келади ва Осиё ҳамда Африка мамлакатларида очлик бошланади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский айтиб ўтган.

“Озиқ-овқат танқислиги, албатта, сиёсий тартибсизликка, кўплаб мамлакатлар ҳукуматларининг ағдарилишига, сиёсатчиларнинг ҳайдалишига олиб келиши мумкин. Бу эса аллақачон бошланди. Ушбу таҳдидни бир қатор мамлакатларда кўплаб кундалик товарлар нархининг осмонга кўтарилиши кўрсатиб турибди”, дейди Украина раҳбари.

Зеленский, шунингдек бошқа давлатлар вакилларига Украинага кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдириб, ушбу ёрдам донор давлатларнинг ўзлари учун ҳам фойдали эканини қўшимча қилган. Унга кўра, Украинанинг жанг майдонларида дунёнинг келажаги ҳал бўлмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, май ойи бошида Украинада 4,5 миллион тонна ғалла мамлакатдан олиб чиқиб кетилмаган, шу сабаб ташкилот Россияни украин портларни очиш ҳамда кемаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлашга чақирган.

Бунга жавобан Кремль Ғарб давлатларини Украинадан ғалла олиб чиқишни тўсиб қўйганликда, шунингдек ноқонуний тарзда Россия ва Беларусга нисбатан санкциялар киритганликда айблаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3
t
×