Зеленский Донбассдаги жангларда кунига қанча аскари ўлаётганини айтди
Олам
−
01 Июнь 2022
13166Украина Президенти Владимир Зеленский Американинг “Newsmax” нашрига берган интервьюсида Украина армиясининг Донбассдаги кунлик йўқотишлари ҳақида гапирди.
“Украина шарқида вазият жуда мураккаб. Ҳар куни биз жангларда 60 дан 100 нафаргача аскарни йўқотяпмиз ва 500 га яқин аскаримиз яраланмоқда. Биз мудофаа чегараларини ушлаб турибмиз”, дейди Зеленский.
22 май куни Зеленский Украина Қуролли Кучларининг Донбассдаги йўқотишлари ҳақида гапириб, ҳарбий хизматга яроқли ёшдаги эркакларнинг Украинани тарк этишига рухсат бериш ҳақидаги петицияга изоҳ бериб ўтган эди.
“Ушбу ариза кимга қаратилганини тўлиқ тушунмаяпман – бу ариза менга ёки, эҳтимол, Украина учун жонини фидо қилган аскарларнинг ота-оналаригами? Бугун давлатимиз шарқидаги энг қийин ҳудудда 50 дан 100 тагача одам [ўлмоқда]”, деган ўша пайтда Украина Президенти.
Россия кучлари ҳозир Донбассга ҳужум уюштирмоқда. Улар хусусан, Луганск вилояти чегараларига етиб боришга ҳаракат қилмоқда.
31 май куни Луганск вилояти раҳбари Сергей Гайдай Россия қўшинлари Северодонетскнинг катта қисмини эгаллаб олганини айтжи.
Қайд этиш керакки, Украина ҳам, Россия ҳам ўз қўшинларининг урушда ҳалок бўлган аскарлари ҳақида мунтазам равишда хабар бермаяпти. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бу маълумотни икки марта, охирги марта 25 март куни эълон қилиб, 1351 киши ҳалок бўлгани ва 3825 киши яралангани ҳақида хабар берган. Владимир Зеленский апрель ойи ўрталарида уруш бошланганидан бери 2500 дан 3000 гача украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини, яна 10 мингга яқини яраланганини айтганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси