Зеленкский “Азовсталь”да қанча украиналик аскар асир тушганини очиқлади

Олам

image

Украинанинг Мариуполь шаҳридаги “Азовсталь” заводида узоқ Россияга қаршилик кўрсатган 2,5 мингга яқин украиналик аскарлар асирликда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский хабар берди.

“Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бу масала (асирликда аскарлар) билан шуғулланиши керак ва бу натижа бериши зарур. Натижа эса ягона – аскарларни уйларига қайтариш”, дейди Зеленский. 

Украина раҳбарига кўра, маҳбусларни алмашиш масаласи бўйича Бош разведка бошқармаси негизида махсус қўшма орган тузилган. Бош разведка бошқармасига юкланган биринчи вазифа украиналик ҳарбий асирларни тириклайин олиб чиқиш.

“Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси  “Азовсталь” заводидаги аскарларни тириклайин уйга қайтариши керак. Бу осон эмас. Бироқ биз улар ўз зиммасига олган вазифани муваффақиятли бажаришига ишонамиз”, дейди Украина Президенти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 май куни “Азовсталь” заводи ҳудуди бутунлай рус қўшинлари назоратига ўтди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, заводда бўлган 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳ таслим бўлган, 2439 киши қуролини ташлаган.

Тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилиннинг айтишича, ДХР назорати остидаги ҳудудларда 5 мингга яқин украиналик ҳарбий асир сақланмоқда. Пушилиннинг сўзларига кўра, улардан 2,4 минг нафари “Азовсталь” ҳудудида таслим бўлган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг