“Запрет”га тушган Юлдуз, ўзбошимчалик қилган “Қанотчи”, “Сардоба”га жавобгар Сангинов... Май нималар билан ёдда қолди?

Таҳлил

image

2020 йилнинг 5 ойини ҳам ортда қолдирдик. Одатда май ойи тўкин-сочинлик, бобоқуёш нурини аямаган, қулупнай, гилос каби неъматлар бозорларга тўкилган ой бўларди. Бу йил эса ёғингарчилик ва шамол билан қаршиланган май ойида ҳаво у қадар иссиқ бўлмади. Мевалар нархи ҳам аввалги йилларга нисбатан анча қиммат. Одамларнинг яқинлашаётган ёз ҳавосидан баҳраманд бўлиши қаёқда дейсиз, ҳамма уйига қамалган.

Май ойи эсдақоларли, аламли, ачинарли ва қувончли воқеаларга бой бўлди. Майда маломатга қолганлар ҳам талайгина. Ушбу мақолада буларни бирма-бир кўздан кечирамиз.

Сардоба фожиаси ва Сангинов

1 май Ўзбекистон учун мудҳиш воқеа билан бошланди. Соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6-пикет девори ёрилди. Мингдан ортиқ аҳоли яшаш жойлари сув остида қолди, уларнинг аксарияти вайронага айланди, юзлаб қорамоллар қурбон бўлди. 

Сув тошқини натижасида Қозоғистоннинг Ўзбекистонга чегарадош қисмидаги Туркистон вилояти Мақтаорол туманидаги коллекторлар (Сардоба, ВС-1, ВС-1.1, ВС 1.1.9, ВС-1.1.7, ВС-18, Жанубий, Д-3, Карой, Марказий) сув билан тўлган. Туркистон вилоятидаги 10 та қишлоқни кучли сув босди. 22 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

“Сардоба” сув омбори ҳудуди атрофида яшовчи қарийб 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасаларга жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу ҳудудга бир неча бор бориб, вазиятни ўрганди. Аҳоли янги уйлар билан таъминланишини ваъда қилди. 

Ушбу ҳолат бўйича маломат тошлари асосан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси Абдуғани Сангиновга отилди. Шунга қарамай, “Сардоба” сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилиб, унга Сангинов ҳам киритилди. 

Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омборидаги тошқин натижасида расмий маълумотларга кўра, 6 киши ҳалок бўлган. 

Алишер Усмонов 15 миллион доллар хайрия қилди

Сардоба фожиасида зарар кўрган ва жабрланган оилаларга россиялик ўзбек миллардери Алишер Усмонов шахсий бюжетидан хайрия маблағи ажратди. Усмонов Сардобадаги сув тошқинида зарар кўрган Қозоғистон ва Ўзбекистонга жами 15 миллион доллар ажратди.

Сардоба фожиаси жабрдийдаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилди. Ушбу хайрия маблағига Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар ҳам йўналтирилган.

Юлдуз Усмоновага чора кўрилмади

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Сардоба фожиасида жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида акция ташкил этди, аммо акция яхшилик билан тугамади. 4 май тонгида интернетнинг ўзбек сегменти Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг навбатдаги чиқиши билан “портлади”. Санъаткор Instagram’даги жонли эфир мулоқотида мамлакат Ички ишлар ходимларини аёвсиз танқид қилиб, ҳақоратлади.

“Асло рози эмасман. Халқ эшитсин. Юрт-олам эшитсин”, дейди Усмонова. Санъаткор ҳиссиётга берилиб, “милиция абсолютно не работает” сўзларини қўллайди. “Ҳозир Каримов даврида яшамаяпсизлар клизма олгани, шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласизларми?”, дейди Усмонова. 

У сўзида давом этаркан, қўл соатига ишора қилиб ходимлар ухлаб ётганини айтади. 

“Уят борми, виждон борми? Халқни “налог”идан ойлик оляпсанлар, нима қиляпсанлар? Биттангни топиб бўлмаяпти, ҳамманг ухлаб ётибсан”, дейди Юлдуз Усмонова. 

Видео сўнгида Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимлари халқ меҳрини меҳнат билан қозониши кераклигини айтаркан, журналистлардан ушбу воқеаларни нашрларда эълон қилишни сўрайди.

Хонанда эфирда “Падарлаъанати бўлдиларинг бугун”, деган сўзларни қўллаган эди. Ушбу видео жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.

Аввалига Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Бу орада Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларидан узр сўради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги эса кескин баёнот билан чиқди. Усмонованинг ҳаракатлари устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди. ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараётганини айтди.

Сўнг “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанданинг хатти-ҳаракатлари Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши айтиб чиқди. Аммо, бу масалага қайтилмади.

ИИВ 5 май куни Юлдуз Усмонова иши бўйича суд бўлиб ўтишини маълум қилиб, ОАВни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига таклиф қилди. Аммо суд бўлмади.

Мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар эса Туркия матбуотигача етиб борди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса Усмонованинг суди нега ўтмаганини очиқлади.

Усмонова 7 май оқшомида яна бир бор Ички ишлар ходимлари ва уларнинг ота-оналаридан узр сўраб чиқди.

Май ойи охирида эса Ўзбекистондаги барча телеканалларда Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига ва клипларига тақиқ ўрнатилди. Орадан бир ой ўтди ҳамки, ИИВ ўзига нисбатан бўлган таҳқирловларга муносиб жавоб қилолгани йўқ. Қилолмаса ҳам керак.

Ўзбекистонда карантин чекловлари юмшатилди

5 май куни Ўзбекистонда карантин қоидалари юмшатилади. Хусусан қуйидагиларга рухсат берилди:

•    Эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, уй таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолияти бўйича кучайтирилган санитария талабларини белгилаган ҳолда, иш бошлаши учун рухсат берилди.

•    Стикерлар бекор қилинди ва шахсий автомобиллардан фойдаланишга рухсат берилди. 

Тошкентда “Ғалаба боғи” очилди

9 май куни мамлакатда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланди. Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида барпо этилган “Ғалаба боғи”га ташриф буюрди. Давлат раҳбари “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Мирзиёев боғ марказида барпо этилган “Шон-шараф” музейини очиб берди, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда иштирок этди.

Ортиқхўжаевга оид ресторан карантинда ўзбошимчалик билан иш бошлади

10 май куни Тошкентдаги “Qanotchi” ресторани очилиб, меҳмонларни қабул қила бошлади. Бу ҳақдаги хабар рестораннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди. Бу кўплаб рестораторларнинг эътирозига сабаб бўлди. Бу орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги ресторан келишилган ҳолда барча санитария нормаларига амал қилиб очилганини иддао қилиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, Ортиқхўжаев ҳокимиятининг баёноти ёлғон бўлиб чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг қайд этишича, ресторан Республика махсус комиссияси томонидан ўрнатилган карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан фаолият юритган. Шу боис ресторан раҳбарияти жавобгарликка тортилиши айтилди. Бироқ, ушбу ҳолат натижалари эълон қилингани йўқ.

Шу ўринда қулоққа чалинган гаплардан гаплашсак. “Qanotchi” ресторани ташқи муҳитда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевники деб кўриб келинади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларида келтирилишича, рестораннинг таъсисчиси Раҳмон Позилжонов. У бир вақтлар “Akfa media” продюсерлик компаниясига раҳбарлик қилган. Компанияда фаолият юритган хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг акаси. Манбаларга кўра, Ортиқхўжаев ҳам оила аъзолари билан кўп бор ушбу ресторанда меҳмон бўлган. 

Зироат Мирзиёева Сирдарёга борди

21 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси Зироат Мирзиёева Сардоба сув омбори атрофидаги фавқулодда вазият рўй берган ҳудудларга ташриф буюрди ҳамда сув тошқини бўлган ерлардан эвакуация қилинган аҳоли билан учрашди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон биринчи хоними одамларнинг аҳволи, саломатлиги, вақтинчалик яшаш жойларидаги шароит билан танишди, уларга самимий сўзлар билан далда берди.

Ташриф чоғида “Zamin” фонди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳамкорликдаги ижтимоий лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу лойиҳа Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 11 та зарар кўрган маҳаллаларда истиқомат қилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Лойиҳага кўра сув остида қолган ҳудудларни қайта тиклаш ва улкан қурилиш ишлари кетаётган бир пайтда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида ёши 60 дан ошган барча қариялар 10 кун давомида пойтахтда ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида жойлашган сиҳатгоҳлар ва дам олиш масканларига, 7 дан 14 ёшгача бўлган болалар эса ёзги оромгоҳларга бепул таклиф этилади.

Чашма устидаги ёқалашма

Жорий йилнинг 31 май куни Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг Чечма қишлоғи аҳолиси ўртасида тўқнашув юз берди. Кейинроқ можаро чегара ҳудудидаги Чашма булоғи сувидан фойдаланиш устида юз бергани ойдинлашди.

Икки ўртадаги жанжалда Ўзбекистондан 187 киши, Қирғизистондан 25 киши жабрланди. Ҳар икки томондан бир нечта уйга ўт қўйиб юборилди.

Юз берган тўқнашув бўйича 1 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов учрашув ўтказиб, тергов ҳаракатини биргаликда олиб боришга ва айбдорларни жазолашга келишиб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

май Юлдуз Усмонова Абдуғани Сангинов

Баҳолаганлар

370

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг