Запорожье АЭС яқинидаги ўрмонга ўт кетди
Олам
−
25 Август 2022
4955Россия ҳарбийларининг ҳужумлари оқибатида Запорожье вилоятининг Энергодар шаҳри бутунлай электр ва сувсиз қолди. Бу ҳақда Энергодар мэри Дмитрий Орлов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Энергодар яна гуманитар фалокат ёқасида қолди! Бугун душманнинг ўққа тутиши оқибатида шаҳар бутунлай электр ва сувсиз қолди”, дейди у.
Орловнинг қўшимча қилишича, энди вазият қанчалик оғир эканлиги ва уни яқин келажакда тузатиш мумкинми ёки йўқми аниқлаштириляпти.
“Запорожье АЭСнинг кейинги иши ва корхонадаги умумий вазият бўйича биз “Энергоатом” Миллий атом энергияси компаниясидан расмий изоҳ кутмоқдамиз”, дейди шаҳар мэри.
Маҳаллий ОАВ, шунингдек, Запорожье вилоятида россияликлар Энергодар чеккасидаги ўрмонга ўт қўйгани ҳақида ёзмоқда.
Ўз навбатида ижтимоий тармоқларнинг Россия сегментида Украина ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида ўрмонга ўт кетгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси