Йил кашфиёти – Жўлоний

Таҳлил

Ярим асрдан кўпроқ давом этган репрессив Асадлар режими сўнгги йилларда Эрон ва Россиянинг манфаатли ёрдами эвазига жон сақлаётганди. Аммо Россия ва Эрон ўз минтақаларида жуда узоқ ва оғир йўқотишлар билан давом этган можароларда анча кучсизлангани Асадни қутқарув ёстиқларидан маҳрум қилди. Россия Украина билан, Эрон эса ўзининг прокси гуруҳлари орқали Исроил билан оворалиги режимга қарши кучларга жуда қулай вақт ва имконият тақдим қилди.

Суриядаги энг кучли қуролли гуруҳ бўлган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом”га Асадни қулатиш учун атиги 10 кун етарли бўлди. Асосан 27 ноябрда бошланган қўзғалиш 8 декабрь куни Жўлоний бошчилигидаги кучлар Дамашққа етиб келиши билан ниҳояланди. 2013 йилдан бошлаб катта саҳнага чиққан, дастлаб бутун дунё кўз ўнгида ўз қарашлари ва ҳаракатлари билан террорчи сифатида гавдаланган Жўлоний дарҳол дипломатик этикетдан хабардор, ташқи дунёга очиқ ва маълум даражада либерал сиёсатчига айланди.

Албатта, унинг ўзини бундай тутиши кеча ё бугун пайдо бўлиб қолмаган. Жўлоний Ғарб ва либерал сиёсий марказлар кўз ўнгида ижобий образда кўриниш учун классик услубдан вақти-вақти билан фойдаланиб турган. Энди эса у доим костюм-шимда, соқоли ва соч турмаги тартибли раҳбарга айланди. Қонуний ва халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли аъзоси бўлган давлат раҳбари сифатидаги сиёсий фаолияти эса ҳали бошлангунича йўқ. Аммо Суриянинг айни дамдаги де-факто янги раҳбарига айланган 42 ёшли Жўлоний келгусида мамлакат президентига айланмаслигига ҳозирча бирон-бир айтарли асос йўқ. 2024 йил охирлаб борар экан, инсоният йил давомида жуда кўплаб сиёсий жараёнлар ва кескин конфликтлар гувоҳи бўлди.

Умуман олганда, 2024 йил қирғинлар ва муросасиз сиёсий курашлар йили бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз. Аммо сиёсатдаги индивидларга алоҳида тўхталадиган бўлсак, ортда қолаётган йилнинг энг сўнгги ойида сиёсий майдонга отилиб чиққан Жўлонийни бемалол йил кашфиёти деб номласак бўлади. Қуйида унинг Суриядаги бугунги ўрни ва аҳамияти, 20 кунлик янги раҳбар қандай фаолият олиб бораётгани ҳақида сўз юритилади.

Дунё уни тан оляпти

Жўлоний бошчилигидаги кучлар Асадни қулатгандан сўнг ташқи дунёда Сурия билан мулоқот ўрнатиш учун ундан бошқа вариант йўқ. Шундай экан, тўнтаришдан кўп ўтмай, аниқроғи роппа-роса 10 кундан сўнг аксар дунё давлатлари ўзлари томонидан террорчи деб эълон қилган шахс билан бирин-кетин музокараларга очила бошлади. 16 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи етакчиси Британия вакиллари билан учрашиб, Сурияга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди. Бундан ташқари, ўзаро учрашувда суриялик қочқинларни ўз уйига қайтариш ҳам муҳокама қилинди. У британиялик дипломатлар билан учрашув ўтказганидан сўнг, Франция ва Германия вакиллари билан ҳам учрашишни режалаштиргани маълум қилинди ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари билан ҳам ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.

Орадан бир кун ўтиб, 17 декабрда БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бош котиби ўринбосари Том Флетчер Дамашқда Суриянинг янги раҳбарлари билан учрашди. Аҳамиятлиси шундаки, БМТ вакили мазкур учрашувдан кейин ғоят “илҳомланганини” ва “ҳаёт учун зарур бўлган гуманитар ёрдам кўламини сезиларли даражада кенгайтириш учун асос борлигини” таъкидлади. Бу орада эса Европа Иттифоқи Суриянинг янги расмийлари билан алоқаларни давом эттириш учун Дамашқдаги дипломатик ваколатхонасини қайта очиши ҳам хабар қилинди. 17 декабрнинг ўзида Дамашқдаги немис дипломатлари ҳам илк бор Жўлоний билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатди. Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Суриянинг янги етакчиси билан алоқаларни ўрнатиш учун тажрибали дипломатни Дамашққа юборгани ҳақида хабар берилди. БМТ Бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ҳам Жўлоний билан музокаралар олиб боргани маълум қилинди.

Шунингдек, Жўлоний билан шахсан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам тез орада, тахминан келаси икки ҳафта ичида учрашиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарга кўра, Дамашқда Эрдўған ва Суриянинг янги раҳбарияти билан бўлажак учрашуви учун анча жиддий ташкилотчилик ишлари режалаштирилган. Қайд этилишича, Эрдўғаннинг Сурияга парвози давомида фавқулодда ҳаво йўлаги яратилади ва Ҳама, Ҳомс ва Идлиб чизиғи бўйлаб “ерусти қалқони” ташкил қилинади. Бу ҳудудларда турк радар тизимлари фаоллаштирилади. ОАВда тарқалган бу хабарнинг тасдиғи ўлароқ Туркиянинг Дамашқдаги вақтинчалик ишлар вакили Бурҳон Керўғли 22 декабрда Ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданнинг Дамашққа ташрифидан сўнг президент Эрдўған ҳам бу ерга келишни ўйлаётганини айтди. 

Суриядаги ҳокимият алмашинувида асосий иштирокчи сифатида кўрилган Эрдўған мамлакатга ташриф буюриши ҳақидаги гап-сўзлар тарқалганда Қўшма Штатларнинг уч нафар юқори мартабали дипломати Дамашққа келиб улгурди. Бу сўнгги 12 йилда АҚШ расмийларининг Шомга қилган биринчи ташрифи бўлди. Бу пайтгача Сурияга келиб кетган қатор Ғарб давлатларининг дипломатлари фақат алоқаларни тиклаш, қочқинлар масаласи ва бошқа умумий масалалар муҳокамаси учун ташриф буюрди. Аммо океан ортидан келганларда бу топшириқлардан ташқари баъзи специфик манфаатлар ҳам борлиги маълум бўлди. Хусусан, Давлат департаменти баёнотига кўра, дипломатлар АҚШнинг Суриядаги элчихонасини очиш имкониятларини баҳолаши керак ва бундан ташқари, ташрифнинг асосий мақсадлари сирасига 12 йил олдин Сурияда ғойиб бўлган америкалик журналист Остин Тайс ҳамда терапевт Мажд Камалмазнинг қаердалигини аниқлаши лозим эди. Америкалик журналист Остин Тайс 12 йил олдин Дамашқ яқинида ўғирлаб кетилган, терапевт Камалмаз эса 2017 йилда ғойиб бўлган. Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки, фуқаролар уруши бошлангандан то Асад ағдарилган бугунги кунгача Суриянинг расмий ҳокимияти қўл остида бўлган ҳудудларда ғойиб бўлганларни кўп ҳолатларда икки манзилдан топиш мумкин. Булар Дамашқ яқинидаги “инсонларни сўйиш учун мўлжалланган кушхона” деб ном олган Сейдная қамоқхонаси ва Асад режимига қаршилик қилган 100 минглаб инсонлар кўмиб юборилган оммавий қабрлардир.

Шундай қилиб, асл исми Аҳмад аш-Шара бўлган Жўлоний ва унинг атрофидагилар учун барчаси жуда тез ва силлиқ бошланди. Бунга кўп эҳтимол у бошчилигидаги кучлар ҳокимият тепасига келганда улар ҳақидаги аксар салбий тахминларни ҳеч бўлмаса оғзаки тарзда йўққа чиқаргани ва баъзи либерал хатти-ҳаракатларга ишора қилгани туфайли эришилди десак муболаға бўлмайди. Қисқа қилиб айтганда, Жўлоний радикализм ва консерватизмдан масофа сақлаётгани туфайли дунё ҳукуматлари кўз ўнгида анча жозибали кўрингани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Моссад ёки Анқара. Жўлонийнинг ортида ким турибди?

Жўлоний катта-катта саҳнага чиққач, унинг ўтмиши, фаолияти ҳамда шаклланиш босқичларини Исроил разведка агентлиги – Моссад билан боғлаганлар ҳам бўлди. Бундай даъвони ливанлик эксперт Али Ҳамий Сурияда Асад ҳокимияти иплари узилай деган пайтда Яманнинг “Al-Masirah” телеканалига берган интервьюсида илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, Жўлоний – Исроил кашфиёти ва болалигида исроилликлар томонидан ўғирлаб кетилган. У Моссад қўл остида тарбияланган ва кейинчалик Сурияга жўнатилган. Ҳамий бу вақтда Жўлоний худди АҚШ қамоқхонасида сақланаётгандек кўрсатилгани, аммо у аслида Ироқда Моссад назоратида машғулот ўтказганини айтди. Бугун Жўлоний ва Исроил ўртасида содир бўлаётган воқеликлар ливанлик тадқиқотчининг иддаоларини бироз бўлса-да тасдиқлаши мумкин. Жумладан, Асад ағдарилганидан сўнг Исроил Сурия билан чегарадаги буфер зонага ўзининг босқинчилик услубида кириб келганда Жўлоний томонидан жиддий реакция билдирилмади. Аммо бу асос унинг Моссад ихтироси ва Тель-Авивдаги режимга хизмат қилади деган даъволар учун етарли эмас. Аксинча, унинг сўзлари ҳақиқатдан йироқлигига ишора қилувчи кўплаб фактлар мавжуд.

Биринчидан, Жўлоний ўз вақтида АҚШ томонидан қўлга олингани ва 5 йил давомида ҳибсда сақлангани бор гап. Аммо бу воқеа 2006 йилда, Жўлоний 24 ёшга тўлганда содир бўлган. 24 ёшда эса эркак жинсидаги шахс бола эмас, балки шахс бўлиб етишади.

Иккинчидан, бундай иддаони илгари сураётган экспертнинг шахсияти ва у чиқиш қилган манба бу ерда бир қатор шубҳаларни уйғотмай қолмайди. Хусусан, Али Ҳамийнинг Жўлоний ҳақидаги фикрлари ёритилган Яманнинг “Al-Masirah” телеканали мамлакат ҳудудида фаолият юритадиган Эронга қарашли прокси гуруҳ – ҳусийларнинг тарғибот-ташвиқот канали ҳисобланади. Эрон томонидан таъминланадиган гуруҳга қарашли телеканали ва Теҳрон таъсири ғоятда кучли бўлган Ливандаги сиёсий экспертлар Жўлонийнинг ҳокимият тепасига келишига шундай муносабат билдириши табиий. Чунки расмий Теҳрон бундан 25 кун илгари Жўлоний бошчилигидаги қуролли кучларга қарши жанг қилишга тайёр эди ва улар мамлакатни Россия ва Эрон манфаатларига бўлиб берган Асаднинг қулашидан хурсанд эмас.

Шундай экан, Суриянинг янги раҳбарияти ва Моссад ўртасидаги эҳтимолий яширин боғлиқликни четга сурган ҳолда, бугун унга кураторлик қилаётган минтақадаги асосий куч – Туркия вариантига тўхталиш тўғрироқ бўлади. Чунки бу учун етарлича асослар мавжуд. Масалан, Жўлоний бошчилигидаги “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” Асад режимини “Сурия миллий армияси” номли мухолиф гуруҳ ёрдами билан қулатди. Бу гуруҳ эса Туркия томонидан қўллаб-қувватланиши кўпчиликка сир эмас. Бундан ташқари, мухолиф кучлар Ҳалабни эгаллаб, Ҳомс ва Ҳамани қулатиш арафасида Эрдўған ушбу қуролли гуруҳлар ўз мақсадларига етишига “тилак” билдириб, Асад ҳокимиятининг йўқ қилинишига хайрихоҳ эканини яшириб ўтирмади. У жуда кўп маротаба Дамашқ билан алоқаларни тиклашга интилгани, бироқ бу Асад томонидан доим рад қилинганини эслатди. Ортда қолган 3 йил давомида расмий Анқара Дамашққа бир неча бор муносабатларни нормаллаштириш таклифи билан чиққани рост. Ҳатто яқин-яқингача Эрдўғаннинг ўзи ҳам Асадга бу ҳақда тўғридан тўғри мурожаатлар йўллади. Чунки Туркия учун фуқаролар уруши даврида Суриядан оқиб келган 3,6 миллион қочқинни ўз уйига қайтариш долзарб вазифага айланган. Бундай миқдордаги қочқинлар оқими Туркия иқтисодиётига оғир юк бўлаётгани кўпдан бери айтиб келинади. Бундан ташқари, Сурия шимоли-шарқидаги курд террорчилари Туркия учун стратегик хавф бўлиб, Анқара уларни йўқ қилиш учун 8 йилдан буён бу ҳудудларда вақти-вақти билан ҳарбий операциялар олиб боради. Шунинг учун энг устувор масалалар қаторида Туркия Сурия билан алоқаларни нормаллаштириши лозим эди.

Бироқ Сурияда 2016 йилдан сўнг Туркия ҳарбий контингенти фаоллашгани ва у томонидан Суриянинг шимоли эгаллаб олингани боис Асад музокараларни блоклаб келаётганди. Қисқа қилиб, Эрдўған таъбири билан айтганда, у Суриянинг тақдирини бирга белгилашни таклиф қилди, аммо Асаддан ижобий жавоб олмади. Асад учун унинг бу қарори фатал оқибатлар билан якунланди. Бугун эса Голан тепаликларида босқинчилик амалиётларини ўтказаётган Нетаняху режимини инобатга олмаганда, Суриядаги энг фаол ташқи куч бу – Туркия. Мамлакатнинг янги конституцияси, янги ҳукуматни шакллантириш, армияни қайтадан ташкил қилиш, хуллас ҳар бир жабҳада Туркиянинг иштироки борлиги ҳақида хабарлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Мамлакат эса Туркия моделида қайта қурилиши тобора ойдинлашяпти. Хусусан, Туркия газетасининг хабар беришича, расмий Анқара Суриянинг янги ҳукуматига 300 минг кишилик мунтазам армия тузишда ёрдам беради ва бу жараёнда туркиялик ҳарбий маслаҳатчилар ва мутахассислар иштирок этади.

Сурия янги раҳбарияти вакили генерал Аҳмад Усмон бир ёки бир ярим йил ичида 300 минг кишилик армия яратиш мақсад қилингани, бу мамлакат ичидаги қийин вазият ва Исроил таҳдиди туфайли заруратга айланганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, дастлабки босқичда 70-80 минг кишилик Сурия армияси ядроси шакллантирилади ва уларнинг сони энг қисқа вақт ичида 150-200 мингга етади. Бу армияга Идлибдан “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг 50 минг аскари, шунингдек, собиқ президент Башар Асад режими томонидан қилинган жиноятларга алоқадор бўлмаган ҳарбий ва разведка зобитлари киритилади. Аҳмад Усмон бу вазифани бажаришда Туркиянинг ҳарбий ёрдами алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаган ҳолда Туркия ҳарбий контингенти Суриядаги бешта ҳаётий муҳим ҳудудга жойлаштирилишини ҳам қўшимча қилган.

Жўлоний давридаги ўзгаришлар ва унинг ваъдалари

Жўлоний ҳокимият жиловини ўз қўлига оларкан, дунё ҳамжамиятига Сурия иккинчи Афғонистонга айланмаслигини маълум қилди. У BBC нашрига берган интервьюсида мамлакат урушдан чарчагани ва ўзининг қўшниларига ҳам, Ғарбга ҳам таҳдид солмаслигини айтиб, Сурияга қўйилган санкцияларни олиб ташлашни сўради. Бу интервьюда Жўлоний ташқи дунё наздида янада муросали ва либерал етакчи бўлиб кўринган бўлса ажаб эмас. Чунки BBC билан суҳбат тафсилотлари шуни кўрсатадики, Ал-Қоиданинг собиқ жангариси орадан йиллар ўтиб сиёсий майдонда тобланган, ҳозиржавоб ва керакли пайтда саволларга яхшигина чап бера оладиган сиёсатчига айлантирган. У ОАВнинг саволларига Ғарб дунёси, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар эшитишни хоҳлайдиган жавобларни бериб келмоқда. Хусусан, у Суриянинг келажакдаги тақдири Афғонистонни такрорлаши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни рад этиб, бу икки мамлакат жуда фарқли ва турли анъаналарга эга эканини таъкидлади. У ҳатто Афғонистонни қабила жамияти деб номлади. Сурияда эса, Ал-Жўлонийга кўра, бошқача менталитет мавжуд. Бунинг исботи ўлароқ, Жўлоний аёллар таълими жуда муҳим эканига ишонишини таъкидлади. Кўпчиликка маълумки, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи узоқ йиллар давомида, аниқроғи 8 йилдан буён Сурия шимоли-ғарбидаги Идлибни идора қилиб келарди. Жўлонийнинг эса аёллар таълимини қўллаб-қувватлаши ва бунга қаршилик қилмаслигини далиллаш учун Идлибдаги университетлар унинг бошқарув даврида саккиз йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб келаётгани ва бу таълим даргоҳларидаги аёлларнинг улуши 60 фоиздан юқорилигини билдирди. Бундан ташқари, у Сурияда спиртли ичимликлар рухсат этиладими, деган саволга ҳам анчагина балансли жавоб қайтарди. 

“Гапира олмайдиган кўп нарсалар бор, чунки булар ҳуқуқий масалалар ҳисобланади”.

Умуман олганда, Жўлоний Сурияда ҳуқуқшунослардан иборат қўмита ташкил этилиб, бу гуруҳ янги конституцияни ишлаб чиқишини айтиб, қарор қабул қилиш шу ҳуқуқшуносларнинг вазифаси экани ва ҳар қандай ҳукмдор ёки президент қонунга бўйсуниши шарт деди. Жўлоний ўзининг бу гапларига расман Сурия президенти сифатида иш бошлаган ва у дунё томонидан тан олинганидан кейин ҳам риоя қиладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади. Аммо унинг 2 ҳафталик фаолияти давомида Сурияда қочқинлар ва халқаро гуманитар ёрдам дастурларида анчагина силжиш рўй берди. Жумладан, БМТ Халқаро Миграция Ташкилоти Сурияда ҳокимият янги кучларга ўтганидан сўнг бир ҳафта ичида 100 минг суриялик қочқин хорижий мамлакатлардан қайтиб келгани, яна 150 минг Сурия ичида бир жойдан бошқа жойга қочган аҳоли ўз уйларига қайтгани ҳақида маълумот берди. Аммо бу Сурияни тарк этишга мажбур бўлган сурияликларнинг умумий сонидан анчагина кичик. Сабаби 2011 йилда фуқаролик уруши бошланганидан буён терроризм ва Асад репрессиясида омон қолиш илинжида 6 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатни тарк этган. 5,5 миллион киши эса Сурия ичида уй-жойини тарк этиб, мамлакат ичидаги бошқа бир тинч жойга кўчган. Сурияда 17 миллион киши ҳамон ёрдамга муҳтож ва умумий аҳолининг 90 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Урушдан қочган минглаб суриялик қочқинлар ҳозир уйларига қайтмоқда, бошқалари эса маҳаллий шароит уларнинг эсон-омон қайтишига имкон бериш ёки бермаслигини баҳоламоқда. Ҳозирда Сурияда бўлган ХМТ Бош директори Эми Попе БМТ Суриянинг улкан гуманитар эҳтиёжларини қондириш, реконструкцияга кўмаклашиш ва аҳоли ҳаётини барқарорлаштириш учун ҳаётий ёрдам беришини тасдиқлади.

“Бу 14 йилдан ортиқ вайронагарчиликли тўқнашувлар давомида жуда кўп азоб ва ғалаёнларни бошдан кечирган Сурия халқи учун катта умид ва тарихий имкониятдир. Катта қийинчиликларга қарамай, халқаро ҳамжамият сурияликларнинг ҳаётини тиклаш ва яхши келажакни таъминлашни қўллаб-қувватлаши керак”, деди у.

У донор давлатлар, ҳамкорлар ва дипломатик миссияларни Дамашққа ХМТ гуруҳлари жойлаштирилгани ҳақида хабардор қилди ва халқаро ҳамжамиятни қочқинларни қайтариш учун ўз ресурсларини сафарбар қилишга чақирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Яқин Шарқ бўйича директори Рема Жамус Имсейснинг айтишича, бир миллион суриялик 2025 йилнинг июнигача қайтиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатни тарк этган 6 миллион киши сингари бугун ўзи ҳам қочқинга айланган Башар Асад 14 йил давомида уддасидан чиқмаган вазифага (агар Асад сурияликларни ўз ватанига қайтаришни хоҳлаган бўлса) Жўлоний бир неча ойларда етишиши мумкинлигига ишора қилади. Ҳа, ишонч ва муҳаббат асосида қурилган ҳокимият қўрқув билан бунёд этилганидан кўра кўпроқ яшайди. Жўлоний эса келгусида Сурияни бошқаришда қайси танловга мурожаат қилиши ҳозирча номаълум.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Башар Асад Ҳаят Таҳрир аш-Шом Жўлоний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг