Европа Россияга қарши санкциялар учун янги нишон топди
Олам
−
01 Июль 2022
17992Европа Иттифоқи Россия олтинига қарши янги санкциялар устида ишламоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, хабар берди.
Агентлик суҳбатдошлари Европа Иттифоқи кўриши мумкин бўлган чоралар ҳақида батафсил маълумот бермаяпти. Таъкидланишича, ташкилот G7 нинг Россиядан олтин импортини тақиқлаш ҳақидаги қарори контекстидаги чекловларни муҳокама қилмоқда.
28 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден G7 давлатлари Германиядаги саммитдан сўнг Россия олтинини импорт қилишни тўхтатишга қарор қилганини очиқлади. 26 июнь куни Буюк Британия, АҚШ, Канада ва Япония Москванинг Украинага бостириб киришига жавобан Россия олтинини сотиб олишни тақиқлаганини эълон қилди.
Россия дунёдаги иккинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи бўлиб, 2021 йилда маҳсулот экспорти 12,6 миллиард фунт (15 миллиард доллардан ортиқ) деб баҳоланган. Буюк Британия, АҚШ, Япония ва Канада секторга чекловлар жорий этиш режаларини ошкор қилгандан сўнг, Лондон бундай чоралар Россиянинг режаларига жиддий зарар етказиши ва унинг армияни молиялаш қобилиятига путур етказиши кераклигини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси