Еврокомиссия Россия кўмирига эмбарго қачондан кучга киришини маълум қилди
Олам
−
05 Август 2022
5286Европа Иттифоқининг Россия кўмирини сотиб олиш бўйича эмбаргоси энергетика инқирозига қарамай, жорий йилнинг 10 август куни кучга киради ва барча ЕИ давлатлари унга риоя қилишлари керак. Бу ҳақда бугун, 4 август куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Еврокомиссия расмий вакили Эрик Мамер маълум қилди.
Россия кўмирини етказиб беришга бўлган эмбарго Россия Федерациясига қарши бешинчи санкциялар пакетининг бир қисмидир.
Эрик Мамернинг таъкидлашича, 10 августда харидларга рухсат берилган ўтиш даври тугайди. У Европа Комиссияси номидан барча Европа Иттифоқи мамлакатлари эмбаргога риоя қилишига ишонч билдирди.
Еврокомиссия вакилининг фикрича, Россиянинг Украинадаги босқини ЕИга яшил энергетикага ўтиш имконини беради, чунки иттифоқ мамлакатлари қазиб олинадиган энергия манбаларидан, жумладан, Россия углеводород ёқилғиларидан воз кечмоқда.
“Энергетика балансидаги тақчилликни қоплаш учун Европа Иттифоқи давлатлари ҳозирда фақат кўмирдан фойдаланишлари мумкин”, дея қўшимча қилди Эрик Мамер.
Россия кўмирини Европа Иттифоқига етказиб беришни тақиқлаш “2022 йил августидан бошлаб кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғиларни, агар улар Россиядан ишлаб чиқарилган бўлса ёки Россиядан экспорт қилинса, сотиб олиш, импорт қилиш ёки Европа Иттифоқига ўтказишни тақиқлашни” назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июль куни Европа Иттифоқи Россияга нисбатан еттинчи санкциялар пакетини маъқуллади.
Унга Россиядан олтинни тақиқлаш, янги экспорт назорати ва “Сбербанк” активларини музлатиш ҳам киритилган. Шунингдек, рўйхатдан 48 нафар шахс, жумладан, Россия ҳукумати Бош вазир ўринбосарларидан бири ва бир қанча минтақавий раҳбарлар ўрин олган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси