Еврокомиссия раиси Путинга қарши айбловлар билан чиқди
Олам
−
23 Август 2022
6138Бугун, 23 август куни нишонланадиган “Сталинизм ва нацизм қурбонларини хотирлаш Европа куни” муносабати билан Европа комиссияси раиси, немис сиёсатчиси Урсула фон дер Ляйен Россия давлати раҳбари Владимир Путинни кескин танқид қилди. Бу кун шунингдек, бутун тоталитар ва авторитар тузумлар қурбонларини хотирлашнинг умумевропа куни деб ҳам аталади.
“Бу йил Путин уруш даҳшатларини Европага қайтарди ва тинчликни оддий ҳол сифатида қабул қилиб бўлмаслигини эслатди”, деган Еврокомиссия раҳбари.
У Россиянинг Украинага қарши урушини ноқонуний ва асоссиз деб, қоралаган.
Сиёсатчининг қайд этишича, Россия давлати назоратидаги ташвиқот тарихни бузиб, фитна назарияларини тарқатади ва унга қарши чиққан ҳар бир киши жазоланади. Ва Украина ўз позициясини ҳимоя қилмагунча тинчлик бўлмайди.
“Украина фуқаролари иттифоқимиз асос солган қадриятларни ҳимоя қилиш учун ўз жонларини фидо қиляпти”, деб таъкидлаган Еврокомиссия раҳбари.
Европа парламенти томонидан эълон қилинган Сталинизм ва нацизм қурбонларини хотирлаш Европа куни 2009 йилдан бери 23 август куни нишонланади. 1939 йилда, шу куни Германия ва СССР ўртасида ҳужум қилмаслик тўғрисидаги пакт ва ҳудудий ва сиёсий қайта ташкил этилган тақдирда Финляндия, Латвия, Эстония, Литва ва Польша ерларида томонларнинг “манфаат доиралари чегараларини” белгилаб берувчи Махфий қўшимча протокол имзоланди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси