ЕИ санкциялари рўйхатига Путиннинг маъшуқаси ҳам киритилди

Олам 7221
image

Европа Иттифоқининг Россияга киритган олтинчи санкциялар пакети рўйхатидан 18 юридик ва 65 жисмоний шахс ўрин олди. Улар орасида Кремль Матбуот котиби Дмтирий Песков ва Олимпиада чемпиони Алина Кабаева ҳам бор.

ЕИ тарқатган баёнотга кўра, “қора рўйхат”дан Россия ва Украинанинг 65 нафар фуқароси, жумладан ҳарбийлар, журналистлар, тадбиркорлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, 18 нафар юридик шахс киритилган.

Улар орасида Россия Федерацияси Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков, Олимпия чемпиони Татьяна Навка ва Олимпия чемпиони Алина Кабаева, Яндекс асосчиси Аркадий Волож, “Роскомнадзор” раҳбари Андрей Липов, “Северсталь” эгаси Алексей Мордашов ва унинг рафиқаси Марина Мордашова ҳам бор.

Бундан ташқари, россиялик бизнесмен Евгений Пригожиннинг ўғли – Павел ва РИА Новости агентлигининг бир қанча журналистларига нисбатан санкциялар жорий қилинган.

Юридик шахсларга келсак, хусусан, “Оборонэнерго” АЖ, “Воентелеком”, “Камаз”, “Татнефть-Нефтехим”, “Ремдизель” компаниялари ҳам Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритилган. 

Шунингдек, иттифоқ давлат қарзи бўйича операцияларда қўлланиладиган Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига қарши ҳам санкциялар киритди.

Олтинчи санкциялар пакетига Беларуснинг “Белинвестбанк”и ҳам киритилган. 

ЕИ Кенгаши баёнотига кўра, Европа Иттифоқи санкциялари остидаги россиялик жисмоний шахсларнинг умумий сони 1158 нафарга, юридик шахслар эса 98 нафарга етган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 июнь куни Европа Иттифоқи Россия Федерацияси Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олгани ва Украина нисбатан ҳужум бошлаганиданг сўнг олтинчи санкциялар пакетини қабул қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 3.1
t
×