ЕИ давлатлари янги санкциялар пакети бўйича келишиб олди
Олам
−
08 Апрель 2022
4652Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россияга қарши бешинчи санкциялар пакети бўйича келишиб олди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Европа давлатлари дастлаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Россия кўмирини импорт қилишни тақиқлаш параметрлари бўйича келишиб олишга муваффақ бўлишган. Россияга қурол экспортини якуний тақиқлаш ҳам келишиб олинган.
“Россияга қарши бу жуда мазмунли чора-тадбирлар пакети санкцияларни янги соҳаларга кенгайтиради. Хусусан, гап бир нечта Россия банкларининг активларини музлатиш, Россиядан кўмир импортини тақиқлаш, Россияга қарши қурол эмбаргоси, Россияга, хусусан, юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлаш ҳақида кетмоқда”, дейилади ЕИнинг расмий баёнотида.
Тақиқланган экспорт товарлари ҳажми 10 миллиард еврога баҳоланмоқда, “хомашё ва муҳим материаллар” импортидаги чекловлар эса 5,5 миллиард евролик товарларга таъсир қилади.
Бундан ташқари, бешинчи санкциялар пакети доирасида Россия байроғи остидаги савдо кемаларининг Европа портларига кириши тақиқланди, Россия юк ташувчиларининг Европа Иттифоқига кириши тақиқланди.
Тез орада янги санкцияларнинг тўлиқ рўйхати эълон қилинади.
“Bloomberg” маълумотларига кўра, қатор давлатлар Россиядан нефть импортини ҳам тақиқлашни талаб қилишган. Бироқ, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен бу банд алоҳида муҳокама қилинишини таъкидлаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси