Япония Россия ва Беларусдан яна 90 кишини “қора рўйхат”га қўшди

Олам

image

Япония ҳукумати Украина атрофидаги вазият муносабати билан Россия ва Беларусдан яна 90 нафар шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда бугун, 5 июль куни Япония Молия вазирлиги сайтида чоп этилган ҳисоботда айтилади. 

Хусусан, янги санкциялар рўйхатига Россия Бош вазирининг ўринбосари Дмитрий Григоренко, виолончелчи, Россия Федерацияси халқ артисти Сергей Ролдугин, шунингдек, “Северстал” ЁАЖ ва “Силовые машины” ЁАЖ директорлар кенгаши раиси Алексей Мордашовнинг қариндошлари – Марина, Кирилл ва Никита Мордашовлар кирган. 

Шунингдек, Япония ҳукумати 5 сентябрдан бошлаб, Россиядан олтин олиб киришни ва Россия Федерациясида бухгалтерия ҳисоби, аудит, консалтинг ва траст хизматларини кўрсатишни тақиқлашни тасдиқлади. Олтин импортига қўйилган тақиқ тафсилотлари кейинроқ маълум қилинади. 

Япония Бош вазири Фумио Кисида май ойида бўлиб ўтган G7 саммитида Россияга қарши янги санкциялар пакетини жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилди. 

Япония ҳукумати аввалроқ Украина атрофидаги вазият туфайли Россия Федерациясига нисбатан бир нечта чекловчи чоралар мажмуасини тасдиқлаган эди. Россия, Беларусь, Донецк ва Луганск халқ республикаларидан жами 700 дан ортиқ киши, шунингдек, 200 дан ортиқ Россия ва Беларусь компаниялари ва ташкилотлари индивидуал санкциялар остида қолди. Бундан ташқари, Япония “Открытие Банк”, “Новикомбанк”, “Совcомбанк”, “ВТБ”, “Россия Банк”, “Промсвязбанк”, “ВЭБ.РФ”,  “Сбербанк” ва “Альфа-Банк” ҳамда Россиянинг 40 га яқин ташкилот ва компаниялари активларини музлатиб қўйди. 

Экспорти тақиқланган товарлар ва технологиялар рўйхатига 400 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан яримўтказгичлар, денгиз ва авиация хавфсизлиги учун ускуналар, телекоммуникациялар, алоқа воситалари, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ, дастурий таъминот, нефтни қайта ишлаш ускуналари, юк машиналари, самосваллар, булдозерлар темир йўл локомотивлари, станоклар ва саноатда ишлатиладиган бошқа электр жиҳозлари киради.  Бундан ташқари, Россияга ҳашаматли товарлар, жумладан, қиймати 6 миллион ийендан (тахминан 49 минг доллар) ортиқ бўлган автомобилларни етказиб беришга ҳам тақиқ қўйилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг