“Шимолий ҳудудлар” Япониянинг ажралмас қисми – Такаичи

World

−

image

Япония расмийлари ҳудудий масалани ҳал қилиш ва Россия билан тинчлик шартномасини тузиш курсини сақлаб қолмоқда, аммо Токионинг позицияси ўзгармайди. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни мамлакат Бош вазири Санаэ Такаичи парламент сессияси очилиши муносабати билан қилган нутқида сўз очди.

“Биз ҳукуматимизнинг ҳудудий масалани ҳал қилиш ва тинчлик шартномасини тузиш бўйича сиёсатига амал қиламиз”, дейди Бош вазир.

Унинг сўзларига кўра, “шимолий ҳудудлар” тарихий жиҳатдан ҳам, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам Япониянинг ажралмас қисми ҳисобланади. У, шунингдек, Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар фонида Россия билан муносабатларнинг мураккаб хусусиятини қайд этган.

Маълумот учун, Россия ва Япония Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича Куриль оролларининг жанубий қисмига эгалик қилиш борасидаги келишмовчиликлар сабабли тинчлик шартномасини тузмаган. Токио Итуруп, Кунашир, Шикотан ва бир гуруҳ майда Хабомаи оролларини “шимолий ҳудудлар” деб атаб, уларга даъво қилади. Москва Куриль оролларига эгалик қилиш масаласини ёпиқ деб ҳисоблайди ва улар устидан Россия суверенитети мавжудлигини қайд этади. 1956 йилда уруш ҳолатини тугатиш тўғрисидаги қўшма совет-япон декларацияси қабул қилинган бўлиб, унга кўра СССР тинчлик битимидан сўнг Японияга Хабомаи ва Шикотанни қайтариб бериш мажбуриятини олган эди, аммо 1960 йилда Япония АҚШ билан хавфсизлик шартномасини узайтирганидан сўнг Москва ушбу мажбуриятлардан воз кечди.

2022 йилда Токио томонидан жорий этилган санкциялар фонида Россия Япония билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тўхтатди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Россия Президенти Владимир Путиннинг Итуруп оролига ташрифидан сўнг Москва ва Токио ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Япония расмийлари норозилик билдирди, Бош вазир эса жанубий Куриль ороллари “Япониянинг азалий ҳудуди” эканини яна бир бор таъкидлади. Россия ТИВ ушбу даъволарни рад этди.  


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends