Япония Россия, ДХР ва ЛХРга янги чеклов киритди
Олам
−
10 Май 2022
4117Япония Украинадаги воқеалар туфайли Россия, тан олинмаган Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикасидан 141 кишига, шунингдек, 71 та Россия компаниясига қарши янги санкциялар жорий қилмоқда. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган.
Янги чекловларга дучор бўлганларнинг умумий сони 141 кишини ташкил этади: Россияда саккиз киши, шу жумладан Бош вазир Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев, ЛХР ва ДХРда эса 133 киши.
Таъкидланишича, Токио Россиянинг 71 компаниясига товарлар ва битимлар экспортини ҳам тақиқлайди. Улар орасида, хусусан, “Алмаз-Антей”, ВНИИ “ЭТАЛОН”, “Интелтех” ва бошқалар бор. Бундан ташқари, рўйхатга “Тактик ракета қуроллари” корпорацияси, шунингдек, алоқага ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва техник бюролари киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Москва Япония Бош вазири Фумио Кисида, унинг кабинети аъзолари ва парламент депутатларини “қора рўйхат”га киритганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси