Япония эртага Россияга қарши қўшимча санкциялар киритиши кутилмоқда

Олам

image

Япония яқин кунларда Россияга қарши қўшимча санкциялар эълон қилади. Бу ҳақда Япония Бош вазири Фумио Кисида маълум қилди.  

“Россияга қарши янги чораларга келсак, улар 8 апрель ёки ундан кейинги кунларда эълон қилинади”, деган у. 

Япония бундан аввал Украина атрофидаги вазият туфайли Россия Федерациясига қарши бир нечта чекловлар пакетини қабул қилган. 100 дан ортиқ киши, жумладан, мамлакат раҳбарияти вакиллари, амалдорлар ва ишбилармонлар якка тартибдаги санкциялар остида қолган. Бундан ташқари, Япония “Открытие” банки, Новикомбанк, Совкомбанк, ВТБ, “Россия” банки, Промсвязьбанк ва ВЭБ.РФ активларини музлатиб қўйган. 

Экспорти тақиқланган товарлар ва технологиялар рўйхатига эса денгиз ва авиация хавфсизлигини таъминлаш учун ускуналар, телекоммуникация ускуналари, алоқа воситалари, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ, дастурий таъминот, нефтни қайта ишлаш ускуналари каби 300 дан ортиқ товарлар киритилган. Бундан ташқари, Россияга ҳашаматли товарлар, жумладан, қиймати 6 миллион иендан (тахминан 49 минг доллар) ортиқ бўлган қимматбаҳо автомобилларни етказиб беришга тақиқ жорий этилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг