Volkswagen ишчилари қора тобутлар билан намойишга чиқиб, иш ташлаш билан таҳдид қилди (видео)

Олам

−

visibility1882 timer2 дақиқа

image

Германиянинг Эмден шаҳрида Volkswagen заводи ишчилари компаниянинг харажатларни қисқартириш режасига қарши норозилик намойиши ўтказди. Улар қўлларида қора тобутлар кўтариб чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган намойишда қарийб 4,5 минг нафар ишчи қатнашган. Тобутлар компания келажагининг барбод бўлаётганини англатган. Айрим тобутларга “Келажак” ва “Ишонч” сўзлари ёзилган.

Volkswagen Германиядаги 120 минг нафар ходимининг иш ҳақларини 2027 ва 2028 йилларда музлатиб қўйишни, шунингдек, бир қатор имтиёзларни қисқартиришни таклиф қилмоқда. Компания касаба уюшмаси билан эришилган 35 соатлик иш ҳафтаси бўйича келишувга ҳам ўзгартириш киритмоқчи. Унга кўра, зарурат туғилганда ходимлар қўшимча вақт ишлаб, бунинг учун алоҳида ҳақ олмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, раҳбарият бошқарув ходимлари учун махсус иш ҳақи келишувларини ҳамда компанияда 25 ва 35 йил ишлаган ходимларга бериладиган мукофотларни бекор қилишни режалаштирмоқда.

IG Metall касаба уюшмаси вакиллари ва компания раҳбарияти ўртасидаги дастлабки музокаралар атиги икки соат давом этган. Томонлар 15 декабрь куни яна учрашади. Бу келаси йил 1 январдан иш ташлашлар бошланиши мумкин бўлган муддатдан олдинги сўнгги келишув имконияти ҳисобланади.

Касаба уюшмасининг бош музокарачиси Торстен Грёгер музокаралар жараёни ташқаридаги об-ҳаводан ҳам совуқроқ кечганини айтган. Ишчилар кенгаши раҳбари Даниэла Кавалло эса компания ёндашувини кескин ўзгартирмаса, вазият янада кескинлашишини билдирган.

Қайд этилишича, Volkswagen Хитой ишлаб чиқарувчилари билан кучайиб бораётган рақобат, божхона тарифлари ва технологик ўзгаришлар сабаб харажатларни қисқартиришга уринмоқда. Компания глобал миқёсда 100 мингта иш ўрнини қисқартиришни режалаштирган. Германиядаги тўртта завод эса келгуси ўн йиллик бошларида ёпилиши мумкин бўлган корхоналар қаторига киритилган.

Volkswagen ва IG Metall ўртасидаги зиддият компания бош директори Оливер Блуменинг қайта ташкил этиш режаси фонида кучайган. Томонлар 2024 йилда 35 мингта иш ўрнини қисқартириш эвазига ходимлар бандлиги ва инвестицияларни кафолатлаш бўйича келишувга эришган эди.

Шундан бери Volkswagen’нинг Хитойдаги савдоси янада пасайган. Компаниянинг жорий йилдаги операцион фойда маржаси 1 фоиздан ошмаслиги кутилмоқда. 2024 йилда бу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда минглаб ишчилар, хизматчилар ва талабалар Жоржа Мелони ҳукумати сиёсати ҳамда 2027 йилги бюджет лойиҳасига қарши норозилик акцияларига чиққани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг