Вазият кескинлашяпти! Туркия ва араб давлатлари француз маҳсулотларига бойкот бошлади

Олам 29282
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 83 миллион фуқаросини "душман” кайфиятидаги Франция маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортишга чақирди.

“Францияда турк молларини сотиб олмасликка чақирмоқдалар, мен ҳам ўз халқимга мурожаат қиламан: ҳеч қандай ҳолатда уларга ҳурмат кўрсатманг, француз ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини сотиб олманг”, деган Эрдўған Анқарадаги чиқишида.

Туркия етакчиси жаҳон ҳамжамияти эътиқоди учун қувғин қилинаётган Франция мусулмонларини ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаган.

“Сиз (Франция) ҳақиқатан нацизмнинг бир бўлагисиз. Франция бошқарувидаги руҳий даволаниши керак бўлган одам мусулмонларга ҳужумини кучайтирди”, деган Эрдўған.

У шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Исломга қарши ҳужумларини Туркия миллий хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблашини айтган ва Европа “нафрат кампанияси”ни тугатишига умид билдирган.

Шунингдек, қатор Яқин Шарқ давлатларида ҳам Франция компаниялари маҳсулотини бойкот қилишга чақирувлар янгради. Бунга Макроннинг пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) карикатурасидан воз кечмаслиги ҳақидаги баёноти сабаб бўлди.

Макроннинг карикатура бўйича баёнотини Туркия, Эрон, Иордания ва Кувайт қоралади. Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Француз раҳбарининг фикридан афсусда эканини билдирди.

1

Қатардаги Al-Meera ва Souq al-Baladi савдо тармоғи кейинги кўрсатмагача француз молларини савдодан чақириб олди. Қатар университети Франция маданияти ҳафталигини бекор қилди.

Кувайтда 60 га яқин йирик озиқ-овақат сотувчи савдо тармоқлари француз маҳсулотларидан воз кечди. Шунингдек, мамлакатдаги 430 та туристик агентлик Францияга рейс банд қилишни тўхтатди.

Иорданияда мухолиф “Ҳаракатларнинг ислом фронти” партияси Франция маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди.

Ислом олами ва Франция ўртасидаги муносабатлар борган сари кескин тус оляпти. 

Эслатиб ўтамиз, Макрон Францияда Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) карикатурасини ўқувчиларига кўрсатган ўқитувчи чечен йигит томонидан ўлдирилгач Исломга қарши курашни кучайтирди. Бунгача ҳам у мусулмонларга қарши курашиш кераклигини очиқча айтиб келаётганди. 

Туркия Президенти унинг бу фикрлари учун танқид қилиб, уни руҳий хаста эканини ва муолажа олиши кераклигини айтди. Бунга жавобан Франция Эрдўған ўзининг сиёсий йўналишини ўзгартириши кераклигини айтиб жавоб қайтарди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1426
Рейтинг: 2.9
t
×