“Вагнер” аскарлари Польша-Беларусь чегарасига жойлаштирилди – Польша Бош вазири
Олам
−
29 Июль 2023
8394Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий юздан ортиқ “Вагнер” аскари Беларусни Россиянинг Калининград вилояти билан ажратиб турувчи Сувалки йўлагига – Польша чегарасига жойлаштирилганини айтди. Бу ҳақда “Rmf24.pl” хабар берди.
Қайд этилишича, Польша Бош вазири мазкур ҳаракатни “бўлажак гибрид ҳужумга ҳаракат” деб атаган.
Унинг сўзларига кўра, “Вагнер”чилар Беларусь ҳарбийларидек кийинишлари ва бундай ниқоб остида ноқонуний муҳожирларга Польшага киришга, шу орқали мамлакатдаги вазиятни унинг ичидан бузишга ҳаракат қилиши мумкин.
Моравецкий 2023 йил давомида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ва Россия Президенти Владимир Путиннинг “Польшага бостириб кириш” режаси бўйича ноқонуний муҳожирлар томонидан унинг чегарасини кесиб ўтишга уринишнинг 16 мингта ҳолати қайд этилганини қўшимча қилган.
Бош вазир ҳозирда вазият янада мураккаб тус олганини таъкидлаган.
“Бизда “Вагнер” гуруҳининг 100 дан ортиқ ёлланма аскарлари Беларуснинг Гродно шаҳри яқинидаги Сувалки йўлаги томон ҳаракатлангани ҳақида маълумотлар бор”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пригожиннинг муваффақиятсиз исёнидан сўнг тузилган келишувга биноан “Вагнер” ёлланма қўшинларининг Беларусга ўтказилиши белгиланди. Айни пайтда Беларусда аллақачон хусусий ҳарбий компаниянинг 12 та колоннаси ёки 5 минг жангчиси бор.
“Вагнер”нинг Беларусга кўчиши Ғарбда, хусусан, Польшада хавотирлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бир неча кун олдин Беларусь армиясининг махсус операциялар кучлари бўлинмалари Польша чегараси яқинидаги “Брестский” полигонида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарлари билан машғулотлар ҳам ўтказди. Жорий йилнинг 23 июль куни эса Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Путин билан суҳбатда гўёки, “Вагнер” аскарлари Польша шаҳарларига “саёҳатга” боришга шошилаётганини айтди.
Ушбу ҳолатда АҚШ Давлат департаменти Лукашенконинг шамасига жавобан, Қўшма Штатлар НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишига ваъда берди. Америка Урушни ўрганиш институти эса “Вагнер”да Украина ёки Польшага таҳдид солишга қодир бўлган оғир қуроллар йўқлиги ва шунинг учун ҳам ҳужум эҳтимоли мавжуд эмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси