Эстония телеканали россиялик спортчилар сабаб Олимпиада трансляциясидан воз кечди
World
−
09:01 913 2 minutes
Эстониянинг ERR давлат телерадиокомпанияси Россия ва Беларусь спортчилари миллий рамзлари билан мусобақаларда қатнашиши сабабли Дакарда бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпиадасининг очилиш ва ёпилиш маросимларини жонли эфирда намойиш этишдан бош тортди. Бу ҳақда компания расмий сайтида маълум қилинди.
ERR спорт бўлими раҳбари Риво Саарна телекомпания бу қарор ҳақида Европа радиоэшиттиришлар иттифоқи ва Олимпия қўмитасини хабардор қилганини айтди. Унинг таъкидлашича, Эстония спортчиларининг натижалари ERR спорт портали ва ETV телеканалининг спорт янгиликларида ёритилади.
Саарна Россия ва Беларусь делегацияларига мусобақада ўз давлат байроқлари ва миллий рамзлари билан қатнашишга рухсат берилганини афсусланарли ҳолат деб атаган.
Маълумот учун, 2025 йилнинг декабрь ойида Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ижроия қўмитаси россиялик ва беларуслик спортчиларга ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда чекловларсиз қатнашишга рухсат беришни тавсия қилган эди. Бу тавсия ҳам индивидуал, ҳам жамоавий спорт турларига тааллуқли.
Ўсмирлар Олимпиадаси 31 октябрдан 13 ноябргача Сенегал пойтахти Дакарда бўлиб ўтади. Бу Африка қитъасида илк бор ташкил этиладиган Олимпия мусобақаси ҳисобланади. Россия терма жамоаси ушбу мусобақада 13 нафар спортчи билан иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвия Сейми (парламент) жамоат телерадиокомпанияси (LSM)га рус тилида контент яратишни тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllOhangaronda o'qituvchi o'quvchini kaltakladi
22 October
Avstraliyada kuchli yomg'ir yog'di
22 October
Gretsiyada ham talabalar namoyish boshladi
22 October