КХШТ Арманистонсиз Беларусда ҳарбий машғулот бошлади
World
−
19:29 884 1 minute
Бугун, 12 октябрь куни Беларусда Россия ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) бошқа иттифоқчилари иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар бошланди. Бу ҳақда КХШТнинг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, бугун, 12 октябрь куни Беларусь Республикасида КХШТ тинчликпарвар кучлари билан биргаликда ўтказиладиган “Бузилмас биродарлик – 2026” қўмондонлик-штаб машқлари ҳамда КХШТнинг ядровий, радиацион, биологик ҳимоя ва тиббий ёрдам гуруҳининг биргаликдаги таркиби билан ўтказиладиган “Тўсиқ – 2026” номли махсус машқлари бошланган.
Машқларда Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикасидан КХШТ қўшинлари (Коллектив кучлар) контингентлари иштирок этмоқда. Улар таркибига ҳарбий контингентлар, ички ишлар органлари бўлинмалари ва Миллий гвардия, шунингдек, Бирлашган штаб ҳамда КХШТ котибиятининг тезкор гуруҳлари киради.
Машғулотларга 1 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ва 300 дан ортиқ қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника, жумладан, 80 га яқин турли хил учувчисиз учиш аппаратлари жалб этилган. Машқлар Лосвидо ва Стародорожский ўқув майдонларида бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқариб юборилишидан қўрқмаслигини маълум қилганди. У, шунингдек, Ереван позициясини Кикос ҳақидаги арман эртаги сюжети билан изоҳлаган.
Live
All