Ўзбекистонни “унутган” АҚШ, “қулаган” лира, ҳукми ўқилган Бензема – янгиликлар дайжести
Жамият
−
24 Ноябрь 2021
7091Бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистон ва жаҳонда муҳим майдонда юз берган муҳим воқеалар билан якунига етмоқда. Хусусан, кун давомида АҚШ Ўзбекистонни демократия саммитига таклиф қилмагани маълум бўлди. Мамлакат ташқарисига назар соладиган бўлса, Туркияда миллий валюта лира қарсизланиши ортидан одамлар кўчага чиқди. Спортга келадиган бўлсак, “Реал Мадрид” сардори Бензамага суд ҳукми ўқилди. Бугуннинг муҳим воқеалари билан қисқа сатрларда танишинг.
Жамият
Қашқадарёда эр хотинини дўппослаб ўлдирди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида аёл турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят прокуратураси мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 21 октябрь куни Яккабоғ тумани, “Уйғур” маҳалласида яшовчи фуқаро У.Э. маст ҳолатда турмуш ўртоғи Г.Х. билан ўзаро жанжаллашиб, уни бир неча бор уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Г.Х. вафот этган.
Нега биржада арзонлашган бензин “заправка”ларда ҳамон қиммат? МҚКҚ изоҳ берди
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни биржа савдоларида жами 4196 тн АИ-80 маркали бензин қўйилган бўлса, шундан 3741 тн ёки 89 фоизи сотилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига кўра, АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 129 минг сўмдан 8 444 минг сўмгача пасайиб 17 фоизга арзонлашди.
Шуни таъкидлаш жоизки, кичик 1 тн лотлар савдосида Бухоро НҚИЗ томонидан маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган бензининг ўртача сотиш нархи 7028 минг сўмгача пасайди ёки 16 ноябрга нисбатан 31 фоизга арзонлашди, “Саноат энергетика гуруҳи” MЧЖ ҚК маҳсулоти бўйича пасайиш 17 фоизни ташкил этди.
Россияда Амир Темур ҳайкали ўрнатилади
Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Самара вилоятида Амир Темур ҳайкалини ўрнатишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Ҳайкал Самара вилоятидаги Кодурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида барпо этилиши керак.
“Самара вилоятидаги Кодурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида Амир Темур ва унинг ҳарбий саркардалари ифодаланган композицион ҳайкал ўрнатиш бўйича кўрик-танлов эълон қилиш ҳамда танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ҳайкал мажмуасини ўрнатиш юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан меморандум тузиш ишларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси жанговар ордени соҳиблари туғилиб ўсган ёки истиқомат қилаётган жойларда маҳаллий кўнгиллилар томонидан эсдалик лавҳалари, ёдгорлик тошларини ўрнатиш”, дейилган қарор билан тасдиқланган “йўл харитаси”да
Самарқандда контейнер ичидан 2 нафар ёлланма ишчининг жасади топилди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги контейнер ичида 2 нафар ёлланма ишчинининг жасади топилди. Ҳолат юзасидан туман ҳокими бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш бўйича қарор қабул қилди.
Туман ҳокимининг “Пастдарғом туманида бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш ва оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтирилишича, жорий йилнинг 17 ноябрь куни “Балхиён” МФЙда жойлашган “Агрокимё таъминот сервис” МЧЖнинг кириш дарвозаси олдига ўрнатилган “металл контейнер” ичидан 2 нафар ёлланма ишчининг жасади топилган. Улар номаълум этиологик заҳарланиш оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳоким ва унинг ўринбосарлари ваколатининг чегараси белгилаб қўйилади
Аввалроқ Ўзбекистон Президентининг “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани ҳақида хабар бергандик.
Ҳужжатда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш мақсадида ишлаб чиқиш белгиланган.
Фармойишга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш, давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш, раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш, вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш кабилар устувор йўналиш ҳисобланади.
Олам
Дунёнинг энг кекса одами вафот этди
Филиппиннинг энг кекса фуқароси Франциска Сусано 124 ёшида Ғарбий Негрос провинциясидаги Кабанкалан шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда “Inquirer” интернет нашри унинг қариндошларига таяниб хабар берган.
“Мамлакатдаги энг кекса одам ҳисобланган 124 ёшли Франциска Сусано душанба куни кечаси камида 15 невараси қуршовида вафот этди”, деб ёзади нашр.
Таъкидланишича, Сусано 1897 йилнинг сентябрида туғилган ва фермер бўлган. Унинг 14 фарзанди ва 500 дан ортиқ невараси бўлган.
Оқ уй: Байден таътилга чиқди
АҚШ Президенти Жо Байден беш кунлик қисқа таътил учун Массачусетсга жўнаб кетди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
Таъкидланишича, Байден аллақачон Нантакет курорт оролига етиб борган. Байденнинг жадвалига кўра, у жорий йилнинг 28 ноябрига қадар ҳеч қандай оммавий тадбирларда иштирок этмайди.
26 ноябрь куни Қўшма Штатлар миллий байрам — Шукроналик кунини нишонлайди ва кўплаб америкаликлар ушбу байрамдан олдинги ва кейинги кунларда қариндошларини зиёрат қилиш учун таътил олишади.
“Ҳукумат — истеъфога!” Туркияда лира “қулаши” ортидан намойиш ўтказилди
Туркияда миллий валюта — лиранинг долларга нисбатан кескин қадрсизлангани оқибатида мамлакатнинг йирик шаҳарлари Анқара ва Истанбулда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” нашри хабар берган.
Иштирокчилар ҳукумат ва ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси” аъзолари истеъфосини талаб қилган. Намойишлар кеча, 23 ноябрь куни кечқурун бошланган ҳамда пойтахт ва Истанбулнинг турли туманларида бўлиб ўтган.
Қадрсизланаётган лира: Туркия аҳолиси Эрдўғанни қўллов кампаниясини бошлади
Туркия аҳолиси турк лираси заифлашганига қарамай, ижтимоий тармоқларда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирмоқда.
DevletiminYanindayim (“Мен давлатни қўллаб-қувватлайман”) хештеги сўнгги 24 соат ичида Twitter’да фаол кучайиб бормоқда. 12 соатдан камроқ вақт ичида деярли 900 минг фойдаланувчи ижтимоий тармоқда ушбу хештег билан постлар чоп этган.
Шунингдек, Twitter’да Республикадаги иқтисодий вазият ёмонлашгани муносабати билан одамларни кўчага чиқишга ундаётганлар ҳам бор. Бундай фойдаланувчилар Sokaga (“Кўчага”) хештегидан фойдаланмоқда. Бироқ, бундай фойдаланувчилар уч баравар кам — 294 минг киши.
АҚШ демократия саммитига Ўзбекистонни таклиф қилмади
АҚШ жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган “Демократия саммити”да иштирок этиш учун таклиф этилган 110 давлат рўйхатини эълон қилди. Рўйхатга Ўзбекистон киритилмаган.
Қайд этилишича, собиқ СССР давлатлари орасида Украина, Арманистон, Грузия, Молдова, Литва, Латвия ва Эстония таклиф этилганлар рўйхатидан жой олган. Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон эса иштирокчилар орасида қайд этилмаган.
Спорт
МЮ ва “Челси” плей-оффда: ЕЧЛда нималар содир бўлди?
Кеча, 23 ноябрь куни UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-туридан ўрин олган 8 та учрашув ўтказилди.
“F” гуруҳида “Манчестер Юнайтед” сафарда “Вильярреал”ни мағлуб этиб, плей-офф босқичига йўл олди. “Қизил иблислар”ни ушбу учрашувга собиқ футболчи Майкл Керрик мураббий сифатида бошлаб тушди.
Биринчи бўлимда жамоаларда бир қанча қулай вазиятлар бўлган бўлсада, томошабинлар голга гувоҳ бўлишмади.
Бенземага суд ҳукми ўқилди
Аввалроқ, Карим Бензема “Олимпиакос” ярим ҳимоячиси Матье Вальбуэнани “шантаж” қилгани ўз тасдиғини топган тақдирда шартли равишда 10 ойлик қамоқ жазоси ва 75 минг евро миқдорида жарима белгиланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 24 ноябрь куни Версал жиноий суди Валбуэна ва Бензема ўртасидаги шантаж иши бўйича ҳукм чиқарди.
Унга кўра, “Қироллик клуби” сардори шахсий видеоларнинг тарқалишида жиноятчилар билан шериклик қилишда айбдор, деб топилди. Суд қарорига кўра, футболчи ўз қилмишининг жиноий асосга эга эканини билмаганини таъкидлаган. У шартли равишда бир йил қамоқ ва 75 минг евро жаримага тортилган. Бу эса мумкин бўлган максимал жазо ҳисобланади. Прокурор эса франциялик ҳужумчига белгиланган қамоқ жазосини 10 ойлик муддатга алмаштиришни сўраган.
Роналду ЕЧЛда рекорд ўрнатди
Кеча, 23 ноябрь куни UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган “Вильярреал” – “Манчестер Юнайтед” учрашувида ғалаба голини урган Роналду ЕЧЛда рекорд қайд этди. Бу ҳақда “ЕSPN Stats” нашри маълумот берди.
Гап шундаки, 36 ёшли португалиялик Чемпионлар лигаси бир мавсумида 3 ўйинда ғалаба голини урган биринчи футболчига айланди. Бунга қадар ҳеч ким ушбу натижага эриша олмаган. “Вильярреал”га қарши дастлабки баҳснинг 95-дақиқаси (3:2) ва иккинчи учрашувнинг 78-дақиқасида (2:0), шунингдек, “Аталанта” билан ўйиннинг 81-дақиқада (3:2) ғалаба голини киритган.
LiveБарчаси