МЮ ва “Челси” плей-оффда: ЕЧЛда нималар содир бўлди? 

Спорт

image

Кеча, 23 ноябрь куни UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-туридан ўрин олган 8 та учрашув ўтказилди.

“F” гуруҳида “Манчестер Юнайтед” сафарда “Вильярреал”ни мағлуб этиб, плей-офф босқичига йўл олди. “Қизил иблислар”ни ушбу учрашувга собиқ футболчи Майкл Керрик мураббий сифатида бошлаб тушди.

Биринчи бўлимда жамоаларда бир қанча қулай вазиятлар бўлган бўлсада, томошабинлар голга гувоҳ бўлишмади.

Манкунианликлар иккинчи бўлим 78-дақиқасида Криштиану Роналдунинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очишди. Ушбу вазиятда 36 ёшли португалиялик футболчи “сариқ сув ости кемаси” дарвозабони устидан тўпни дарвозага ташлаб қўйди. 90-дақиқага келиб, Жейдон Санчо ажойиб комбинацияни голга айлантирди – 0:2. Бу унинг МЮ сафида барча турнирлардаги биринчи голи бўлди.

Гуруҳдаги иккинчи учрашувда эса “Янг Бойз” (Швейцария) ва “Аталанта” (Италия) дурангга имзо чекди.

Шу тариқа “Манчестер Юнайтед” 10 очко жамғариб, ЕЧЛ 1/8 финал босқичига йўлланмани нақд қилди. Қолган жамоаларнинг тақдири сўнгги турда ҳал бўлади.

“Е” гуруҳида Киевнинг “Динамо” клуби ўз майдонида “Бавария”ни қабул қилди ва мағлубиятга учради. 

Мюнхенликлар 14-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлди. Ушбу вазиятда Роберт Левандовски рақибдан қайтган тўпга акробатик усулда зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи гол эса биринчи тайм сўнгида киритилди. Кингсли Коман ўз имкониятидан унумли фойдаланиб, орадаги фарқни иккитага оширди.

Иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасида мезбонлар футболчиси Денис Гармаш ҳисобни қисқартирди ва ушбу натижа ўйин якунига қадар ўзгармади – 1:2

Гуруҳдаги иккинчи учрашувда “Барселона” ўз майдонида “Бенфика” билан баҳс олиб борди ва учрашувда ҳисоб очилмади – 0:0.

5-турдан сўнг, барча учрашувда ғалабага эришган “Бавария”нинг кейинги босқичга 1-ўрин билан чиқиши аниқ бўлди. 7 очкога эга “Барселона” ва 5 очко жамғарган “Бенфика” иккинчи йўлланма учун курашади. Сўнгги турда Хави шогирдлари Мюнхенга сафар қилса, португалияликлар ўз майдонида “Динамо Киев”ни қабул қилади.

“Н”  гуруҳида ЕЧЛнинг ўтган мавсумдаги ғолиби “Челси” ўз майдонида “Ювентус”ни қабул қилди ва йирик ҳисобда (4:0) ғалаба қозонди. 

Учрашувнинг 25-дақиқасидаёқ Томас Тухел шогирдлари Тревор Чалобанинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. 

Иккинчи бўлимда “Аристократлар” “зебралар” дарвозасини уч марта ишғол қилди. Голларга Рис Жеймс, Каллум Хадсон-Одои ва Тимо Вернер муаллифлик қилди.

Ушбу ғалаба эвазига лондонликлар плей-офф босқичига йўл олишди. Жамоа 12 очко билан гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. “Ювентус” иккинчи ўринга тушиб қолди, бироқ туринликлар ҳисобида 12 очко мавжуд ва 1/8 финал чиптаси кафолатланган.

Шунингдек, “Зенит” – “Мальмё” учрашуви 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан ўз якунига етди.

“G” гуруҳида “Лилль” – “Зальцбург” (1:0) ва “Севилья” – “Вольфсбург” (2:0) ўйинлари ўтказилди. Ҳар тўрт жамоада плей-оффга чиқиш учун имконият сақланиб қолган.

Маълумот учун, Чемпионлар лигасининг 6-тур баҳслари жорий йилнинг 7-8 декабрь кунлари бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

ЕЧЛ

Баҳолаганлар

284

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг