Ҳоким ва унинг ўринбосарлари ваколатининг чегараси белгилаб қўйилади
Жамият
−
24 Ноябрь 2021
9973Аввалроқ Ўзбекистон Президентининг “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани ҳақида хабар бергандик.
Ҳужжатда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш мақсадида ишлаб чиқиш белгиланган.
Фармойишга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш, давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш, раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш, вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш кабилар устувор йўналиш ҳисобланади.
Шунингдек, “Очиқ идора” лойиҳасини амалга ошириш, давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ва фуқароларнинг сансалорлигига барҳам бериш, вазирлик ва идораларнинг айрим функцияларини нодавлат секторига ўтказиш, тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини битта маъмурий бинога жойлаштириш орқали аҳолига “Ягона дарча” тизими асосида хизмат кўрсатиш, тендер ва танловларни очиқ ва шаффоф ҳолда ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим йўналишлар қаторига киритилган.
Бундан ташқари, дастурдан кадрларни танлов асосида ва кенг рақобат муҳитида ишга қабул қилишни тўлиқ жорий қилиш, ўз устида ишламайдиган ва масъулияти бўлмаган кадрларга нисбатан “жамоавий таъсир”ни амалга ошириш, вазирлик ва идораларда ягона кадрлар рейтингини юритиш, давлат хизматчилари томонидан олинадиган кафолатланган бепул хизматлар ва воситалар пакетини ишлаб чиқиш, халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, маҳаллий вакиллик органларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш каби масалалар ҳам ўрин олади.