Нега биржада арзонлашган бензин “заправка”ларда ҳамон қиммат? МҚКҚ изоҳ берди

Жамият

image

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни  биржа савдоларида жами 4196 тн АИ-80 маркали бензин қўйилган бўлса, шундан 3741 тн ёки 89 фоизи  сотилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига кўра, АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 129 минг сўмдан 8 444 минг сўмгача пасайиб 17 фоизга арзонлашди.

Шуни таъкидлаш жоизки, кичик 1 тн лотлар савдосида Бухоро НҚИЗ томонидан маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган бензининг ўртача сотиш нархи 7028 минг сўмгача пасайди ёки 16 ноябрга нисбатан 31 фоизга арзонлашди, “Саноат энергетика гуруҳи” MЧЖ ҚК маҳсулоти бўйича пасайиш 17 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, йирик 60 тн лотларда нархлар пасайиши тенденцияси бир мунча секин кечмоқда ва 5 фоизни ташкил этган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржада нархлар тушгани ҳолда автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бу сезилмаётганига изоҳ бериб ўтган.

Қайд этилишича, Қўмита олдинроқ огоҳлантирганидек, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кўрилаётган чора-тадбирлар самара бериши вақт талаб қилади. Бу пайтда табиийки ушбу даврда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари томонидан илгари сотиб олинган қиммат нархдаги бензин захиралари ҳисобига юқори чакана нархлар сақланиб қолади.

“Бугунги кунда, 2-3 ой давомида шаклланган маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган АИ-80 бензиннинг баланд нархларга таъсир кўрсатиш учун фақат бозор механизмлари қўлланилмоқда, яъни таклифга таъсир кўрсатиш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, бу чораларнинг самара бериши ва нархларнинг барқарорлашиши учун маълум вақт талаб қилинади. Шу билан бирга, импорт бензиннинг нархлари жаҳон бозорлари конъюнктурасига боғлиқлиги омили сақланиб қолмоқда”, дейилади қўмита хабарида.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 16-22 ноябрь кунлари  биржада пасайиб борган нархларда харид қилинган 20 760 тн маҳсулотдан 3 409 тн ёки 16 фоизи чакана тармоққача етиб борган.

Бунда, маҳсулот биржа савдоларида сотилгандан кейин заводдан чакана савдогача етиб бориш муддатларини ( 15 кунгача сарфланиши мумкин) ҳам  инобатга олиниши муҳим. 

Бундан ташқари, ҳозирда Идораларо ишчи гуруҳ томонидан бензин таннархини оптималлаштириш бўйича бевосита ишлаб чиқарувчи корхонларга чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилмоқда, шунингдек Қўмита томонидан биржа савдоларида нархларга сунъий  равишда таъсир кўрсатган ноҳалол иштирокчиларга  нисбатан ўрганишлар давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

363

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг