Рекорд. Бугуннинг ўзида Ўзбекистонда соғайганлар сони 83 нафарга етди

Жамият 4683
image

Наманган ва Тошкентда жами 51 нафар бемор коронавирус касаллигидан тузалди. Бу ҳақда бугун, 21 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

"Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 31 нафар бемор, шунингдек, Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун коронавирус инфекциясига чалинган яна 20 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди", дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Тошкентда шифо топганларнинг 11 нафари Россиядан Тошкентга келишгач, “Сокол” оромгоҳига карантинга олинган, 1 нафари Франциядан, 1 нафари Туркиядан яна 1 нафари эса БААнинг Дубай шаҳридан келган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Қолган 17 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни ютириб олган. 

Беморлардан 16 нафари эркак, 15 нафари аёл. Улардан 22 нафари пойтахтимиздан, Самарқанд,Фарғона ва Хоразм  вилоятларидан 2 нафардан, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда. Сўнгги текширувлар ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатган.

Шунингдек, Наманган вилоятида тузалганларнинг барчаси Наманган шаҳридан бўлиб, 19 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган, бир нафари Туркиядан келган. Беморларнинг 7 нафари эркак, 13 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикни тўлиқ енгиб ўтганлигини кўрсатди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 23 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 43 нафарга етдган. 

Таъкидлаш жоиз, аввалроқ Андижон, Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳам бир қанча беморлар ушбу касалликдан фориғ бўлганди. Юқоридаги тузалганларни қўшганда жами 84 нафар бемор бугуннинг ўзида ушбу касалликдан шифо топди.

Шу билан, мамлакатда коронавирусдан тузалганлар сони 344 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Бугунгача касалланганларнинг 6 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 95
Рейтинг: 3.3
t
×