Ўзбекистонда коронавирусдан олтинчи ўлим қайд этилди

Жамият 13342
image

Бугун, 21 апрель куни Наманган вилоятида коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этди. Умумий ҳисобда коронавирус инфекциясидан вафот этганлар олти нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 14 апрель куни Наманганг шаҳрида яшовчи Ш. юрак ишемик касаллиги, гипертония иккинчи даражаси, атеросклеротик кардиосклероз, икки томонлама пневмония ва  ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг  реанимация бўлимига ётқизилган эди.

Зудлик билан ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда  COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган. 73 ёшли (эркак) ушбу беморнинг шу кунгача  кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам  консилиумлар  ўтказиб келинган.

Бироқ кардиолог, вирусолог, пульмонолог, терапевт, реаниматологларнинг белгиланган стандартлар асосида  ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар сони 1657 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 293 нафари соғайиб кетган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 360
Рейтинг: 3
t
×