Зангиотада даволанаётган коронавирус беморларининг аҳволи ҳақида маълумот берилди
Саломатлик
−
19 Январь 2022
11560Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморларнинг 90-95 фоизида сатурациянинг пасайиши ва ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти. Вируснинг жиддий асоратлар билан кечиши нисбатан кам. Ўпкада зарарланиш деярли кузатилмаяпти. Бу ҳақда шифохона директори Анвар Ҳусанов маълум қилди.
Унинг қайд этишича, айни вақтда муассасада коронавирусга чалинган 1300 нафардан зиёд бемор даволанмоқда. Сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани боис, 5 январдан шифохонага мурожаат қилаётган беморлар сони ҳам кескин ошган.
“Ҳозирда муассасамизга ўртача кунига 300-400 нафар бемор мурожаат қилиб, шундан 200-300 нафари госпитализация қилиняпти. Ваҳоланки, январь ойининг тўртинчи санасига қадар кунига 65-70 та мурожаат бўлиб, шундан 70 фоиз бемор даволанишга ётқизилган.
Бугунги кунда муассасамизга мурожаат қилаётганларнинг аксарияти енгил даражадаги беморларни ташкил қилмоқда. Уларда касаллик асосан, иситма, бўғимларда оғриқ, бош оғриғи, ҳолсизлик каби оддий респиратор белгилар билангина намоён бўляпти”, дейди Анвар Ҳусанов.
Унинг таъкидлашича, 5 январдан бошлаб шифохонага келаётган 90-95 фоиз беморда сатурациянинг пасайиши ва ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти. Вируснинг жиддий асоратлар билан кечиши нисбатан кам. Ўпкада зарарланиш деярли кузатилмаяпти.
Даволаниш муддати эса қисқариб, ўртача 5 кунни ташкил қилмоқда. Энг муҳими, оғир аҳволдаги беморларни даволашда ишлатиладиган вирусга қарши ремдесивир ва бошқа дори воситаларига бўлган эҳтиёж камайди.
“Натижада бугунги кунда 190 ўринга мўлжалланган жонлантириш бўлимида даволанаётган беморлар сони сезиларли даражада қисқарди. Ваҳоланки, “дельта” штамми авж олган ўтган йил ёз ойларида реанимацион бўлимларда беморлар сони анча кўп эди.
Шундай экан, юртдошларимиздан ортиқча саросимага берилмасликларини, зарурат бўлмаганда юқумли касалликларни даволаш муассасаларига бормасликларини, агар ўзларида касаллик белгиларини сезса, дарҳол оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга, пойтахтимиз аҳолиси эса Тошкент шаҳрининг 12 та туманида ташкил этилган махсус поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз. Энг муҳими, бевосита коронавирусга чалинган беморларни даволаётган амалиётчи шифокор сифатида барчани касалликка қарши эмланишга, агар вакцина олган бўлса, бустер дозаларини олишга чақириб қоламан”, дейди шифокор.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 208271 нафарни ташкил этмоқда. Кеча, 18 январь куни республика бўйлаб 1214 янги бемор аниқланди.
LiveБарчаси