Ўзбекистон Швецияга янги элчи тайинлади
Жамият
−
16 Октябрь
3186Фавқулодда ва мухтор элчи Раҳматулла Нуримбетов бугун, 16 октябрь куни тунда Швеция пойтахтига етиб борди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, дипломат Стокгольмга тайинланишидан аввал 2023-2024 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Раҳматулла Нуримбетов 47 ёшда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) ва Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Сиёсий фанлар доктори даражасига эга.
Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида бошлаган. 2003 йилдан буён ТИВ тизимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида вазирликнинг марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Германия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаб, Ташқи ишлар вазири ўринбосари даражасига кўтарилган. Бундан ташқари, 2018-2024 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори вазифасида ишлаган.
Немис, испан ва инглиз тилларини мукаммал билади. У 2022-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонасига раҳбарлик қилган Нодир Ғаниев ўрнига тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Тўхтаев Ўзбекистоннинг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган эди.