Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси ишдан олинди
Жамият
−
28 Июнь
14516Ўзбекистон Республикасининг Швеция қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаб келаётган Нодир Ғаниев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг Стокгольмдаги дипломатик ваколатхонаси 2022 йилда очилган ва у мамлакатнинг хорижий давлатлардаги 36-элчихонаси бўлган. Ўшанда Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Швеция қироллигидаги Муваққат ишлар вакили этиб тайинланган. 2023 йилда эса Ғаниев Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида иш бошлади. Шу йилнинг ноябрь ойида у Стокгольм шаҳрида Швеция қироли Карл XVI Густавга ишонч ёрлиқларини топширди.
Маълумот учун, 53 ёшли дипломат Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлаган. У 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппарат ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.
Ғаниев Швецияга жўнаб кетишидан олдин ТИВнинг Европа давлатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган. У инглиз, араб, рус ва француз тилларини билади.
LiveБарчаси