Ўзбекистон Хитойдаги уйғурлар масаласига қайси позициядан қарайди? Сўз Ахатовга (видео)
Интервью
−
12 Февраль 2020
12733Аввалроқ, Хитой Халқ Республикаси АҚШ Давлат котибининг жорий йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистонга амалга оширган ташрифига салбий муносабат билдириб, учрашувда Помпео Марказий Осиё давлатлари билан Шинжондаги уйғурлар масаласини муҳокама қилганини айтиб чиққан эди.
“Ушбу мавзу муҳокама қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъи назар, биз барча тамонларни Помпеонинг хатти-ҳаракати ва шантажига нисбатан нафратланишига ишонамиз.
Хитойга туҳмат қилиш, шунингдек Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона муносабатларни бузиш учун қилинган ҳар қандай уринишлар, албатта, барбод бўлади”, дейилган эди элчихона расмий баёнотида.
Хўш, Хитой элчихонасининг бу муносабатини расмий Тошкент қандай қабул қилди? Ҳақиқатан ҳам Майкл Помпео билан ўтган учрашувларда Шинжонда қолаётган уйғурлар масаласи муҳокама қилиндими? QALAMPIR.UZ ушбу саволларга билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов билан суҳбатлашди.
“Биз бошқа давлатларнинг ички ишларига ҳеч қачон аралашмаймиз. Ушбу масалаларга нисбатан ўз қатъий позициямиз бор. Биз Хитой Халқ Республикасини якка Хитой сифатида кўриб чиқамиз. Кўп давлатлар Гонконг, Тайван масалаларини кўтаради. Лекин бизнинг позициямиз – бир Хитой. Доим шу позициямизни қўллаганмиз ва хитойлик ҳамкорларимизга ҳам шуни айтиб келамиз. Халқаро ташкилотлар доирасида ёки халқаро тузилмалар бўладими, доим мамлакат билан боғлиқ бўлган резолюциялар ёки қарорлар бўлса, биз бу масалаларга аралашмаймиз, қўллаб-қувватламаймиз. Чунки, бу мамлакатларнинг ички иши. Бу тамойил эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уставига ҳам киритилган. Қатъий позициямиз шу: биз аралашмаймиз. Яна такрорлайманки, биз бу мамлакатни ягона Хитой сифатида тан олганмиз ва бу позициямизни доим қўллаб-қувватлаб келамиз”.
Вазир ўринбосари сўзида давом этаркан, Хитой элчихонасининг эътирозларига ҳам муносабат билдирди.
“Хитой Халқ Республикасининг ички ишига аралашмаймиз. Хитой элчихонасига айтдикки, маълум тадбирлар бўлганда, биз Хитойга нисбатан бундай масалаларни ҳеч қачон кўтармаганмиз, кўтармаймиз ҳам. Буни келгусида муҳокама қилиш эса режамизда йўқ. Чунки, ёндашувимиз қатъий ва мантиқий нуқтайи назардан шунга риоя қилиб келамиз”, дейди Ахатов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 февраль куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Қозоғистон Республикасига ташриф буюрди. У Қозоғистонни Шинжондаги мусулмон озчиликларига нисбатан муносабатга жавобан Хитойга босим ўтказишга чақирди.
Помпео мамлакат пойтахти Нур-Султонга ташрифи чоғида бу масалани Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан суҳбатда муҳокама қилган.
“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллат руҳини белгилаб беради. Биз одам савдоси ва Шинжонда Хитой коммунистик партияси томонидан қўлга олинган бир миллиондан ортиқ уйғур мусулмонлари ва этник қозоқларнинг тақдирини муҳокама қилдик", деган Помпео.
Қозоғистон Ташқи сиёсати раҳбари Шинжонга нисбатан Хитойни танқид қилишдан ўзини тийди. У Помпео билан учрашувда уйғурлар мавзусига изоҳ бермади ва бунинг ўрнига иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратди.
Расмий Тошкент эса Помпеонинг Ўзбекистонга ташрифи давомида ўтказилган учрашувларда бу масалада суҳбатлашилгани ҳақида маълумот бергани йўқ.
LiveБарчаси