“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Қозоғистоннинг иккита шаҳрига парвозларни тўхтатди

Жамият

image

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Қозоғистонда дақиқа сайин аланга олаётган намойишлар ортидан Олмаота ва Ақтўбе шаҳарларига парвозларни бекор қилди. Бу ҳақда авиакомпания хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, эртага, 6 январга мўлжалланган HY9729/9730 Нукус-Ақтўбе-Нукус ва HY763/764 Тошкент-Олмаота-Тошкент йўналишлари бўйича авиақатновлари етиб борадиган аэропортларнинг техник сабабларига кўра бекор қилинган.

Ушбу йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириш кунлари ҳақидаги маълумот қўшимча эълон қилинади. 

“Йўловчилар 6 январь куни Олмаота ва Ақтўбега бекор бўлган парвозлар авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эгадирлар”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan Airways” АЖ сал аввал Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига парвозларни бекор қилганди. 

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг