Урушда янги фронт очилиши мумкин. Украина Приднестровьедаги рус қўшинлари фаоллашганини айтмоқда
Олам
−
02 Апрель 2022
14039Приднестровьедаги (Молдова ҳудуди) рус қўшинлари келгусида Украина учун хавф туғдириши мумкин бўлган тарзда ўз жойини ўзгартирмоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг бугун, 2 апрель куни эълон қилган ҳисоботида айтилади.
Украина Қуролли Кучлари Украина чегарасида провокациялар ва намойиш ҳаракатларини амалга ошириш учун мўлжалланган “ПМР” (Приднестровье-Молдавия Республикаси) даги Россия қўшинлари бўлинмаларини жалб қилиш бўйича ишлар кучайтирилганини эълон қилган.
“Россия қўшинлари ва Приднестровье-Молдова Республикаси деб аталувчи республика бўлинмаларининг қайта жойлаштирилиши Украинага қарши ҳужумга ва эҳтимол, ҳарбий амалиётларга тайёргарлик кўриш мақсадида қайд этилган”, дейилади хабарда.
Россиянинг Приднестровьедаги қўшинларини Украинага киритиши жануби-ғарбий йўналишда янги фронт очилишини англатади.
Приднестровье-Молдавия Республикаси – Шарқий Европадаги тан олинмаган давлат. Молдова ерларида ташкил этилган ва асосан Днестрнинг чап қирғоғида жойлашган бўлиб, ўнг қирғоғида жойлашган Бендери шаҳрини ҳам ўз ичига олади. У Молдова ва Украина билан чегарадош.
Тан олинмаган республика 1992 йил 7 июль куни Молдова ва тан олинмаган Приднестровье ҳудудидаги кучлар ўртасида зиддият авж олиши ортидан ташкил топган. Можаро авж олганда Россия ўртага тушиб, Молдова ҳукумати билан низони тинч йўл орқали ҳал қилиш учун келишув имзолаган. Тез орада Россия ҳарбийлари “тинчликпарвар кучлари” номи остида Бендери ва Дубоссарига киритилган. 1992 йил 2 август куни Россия қозилигида икки томон ўзаро келишувга эришган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси