Урушда қанча украин аскари бедарак йўқолгани очиқланди

Олам

image

Россиянинг Украинага ҳужуми бошлангандан бери 7200 нафар украиналик ҳарбий бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу рақам турли тузилмалар, жумладан Миллий гвардия, чегара қўшинлари ва махсус хизматлар вакилларини ўз ичига олади. Бу ҳақда алоҳида ҳолатларда бедарак йўқолганлар бўйича масъул Олег Котенко айтиб ўтди.

“Агар биз ҳарбийлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳарбийлар кимлигини билишимиз мумкин. Украина Қуролли Кучлари, Миллий гвардия, чегарачилар, Украина хавфсизлик хизмати бор ва булар турли муассасалар. Улар Украина Қуролли Кучлари томонидан берилган кўрсаткичга киритилмаган”, деган Омбудсман.

Унга кўра, Украина Қуролли Кучлари бедарак йўқолган аскарлар икки минг нафар эканини таъкидламоқда. Шу билан бирга, Омбудсманнинг Call-марказига қарийб 7200 нафар фуқаро ҳақида маълумот келиб тушган.

“Масалан, “Азов” полки – Миллий гвардия, у ерда ҳам бедарак йўқолганлар бор. Улар “Азовстал”ни тарк этганларидан кейин қариндошлари билан боғланишмаган”,дея тушунтирган Котенко.

Унга кўра, бедарак йўқолган аскарларнинг аксарияти асирликда. Мисол тариқасида у 36-бригаданинг 1-батальони ҳарбийларини келтирган.

“Биз улар Россияга олиб кетилганини биламиз. Биринчидан, у ерда қанча одам борлигини тушунишимиз керак. Агар улар юздан ортиқ бўлса, деярли бутун батальон асирликда дегани бўлади”, дейди омбудсман.

Котенконинг қўшимча қилишича, асирликда бўлган жангчиларнинг бир қисми билан алоқа ўрнатилмаган. Улар йўқолган деб ҳисобланади. Бироқ, Омбудсман эртами-кечми аскарлар алмашишига ишонч билдирган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг