Уруш бошлангандан бери Россиянинг қанча бойлиги Европада музлатилгани очиқланди

Олам 10116
image

2022 йил 24 февралдан бошлаб Европа Иттифоқи россиялик миллиардерлар, Украинадаги уруш туфайли санкциялар қўлланилган жисмоний ва юридик шахсларнинг 13,8 миллиард евро миқдоридаги активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Адлия масалалари бўйича Европа комиссари Дидье Рейндерс Прагада Европа Иттифоқи Адлия вазирлари йиғилиши олдидан журналистларга маълум қилди, деб хабар берди “Reuters” агентлиги.

Музлатилган активларнинг катта қисми – 12 миллиард евродан кўпроғи Европа Иттифоқининг бешта давлатига тўғри келди, аммо Рейндерс бу мамлакатлар номини ошкор қилмаган. У блокнинг қолган давлатларини Россия активларини музлатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришга чақирган.

Июнь ўрталарида Германия молия вазири Кристиан Линднер мамлакатда музлатилган Россия активларининг қийматини 4,48 миллиард еврога баҳолаганди.

Аввалроқ Европа Иттифоқи ҳам Россия Марказий банкининг тахминан 23 миллиард евро миқдоридаги активларини музлатиб қўйганди.

Россия ҳукумати Украинада “махсус операция” бошланганидан сўнг, Марказий банкнинг олтин-валюта захираларидан чет элда жами 300 миллиард доллар блокланганини айтди. Аҳамиятлиси, урушдан олдин бу захираларнинг умумий ҳажми 600 миллиард доллардан ошган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 3.3
t
×