Уруш бошидан бери қанча одам Украинадан қочиб, қутулгани маълум бўлди
Олам
−
15 Март 2022
6021Украинада уруш бошланганидан бери мамлакатни 3 миллион тинч аҳоли тарк этган, улардан 157 мингга яқини бошқа давлат фуқаролари. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро миграция бошқармаси маълум қилган.
БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги кеча, 14 март куни жорий йилнинг 24 февраль куни Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан кейин мамлакатни тарк этган украинларнинг ярмидан кўпи Польшага қочиб ўтгани ҳақида хабар берганди.
Қочқинларнинг катта қисми Европага эвакуация қилинган. Асосий давлатлар қаторига Польша, Словакия, Венгрия, Руминия, Молдова киради. Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолиси эса Россияга қочиб ўтмоқда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 3 март куни Европа комиссияси қочқинларни ҳимоя қилиш бўйича махсус механизмни ишга туширган. Бу Украинани тарк этган фуқароларга ЕИда бир йилгача қолиш, кейин эса бу муддатни уч йилгача узайтириш имконини беради. Европа Иттифоқи қочқинларни уй-жой, тиббий ёрдам, таълим ва иш билан таъминлайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь