Ўлдириб кетилган Гаити Президенти ўрнини янги раҳбар эгаллади
Олам
−
10 Июль 2021
8339Кеча, 9 июль куни Гаити Сенати (парламентнинг юқори палатаси) ўз спикери Жозеф Ламберни Республиканинг муваққат Президенти, деб эълон қилди. Бу ҳақда “juno7” ахборот портали хабар бермоқда.
“Янги муваққат Президент — Жаноб Жозеф Ламбер ҳукумат аъзолари, фуқаролик жамияти етакчилари олдида қасамёд қилади”, дейилади Сенат қарорида.
Фото: Жаноб Жозеф Ламбер
Қайд этилишича, ушбу қарорни ўн сенатордан саккиз нафари қўллаб-қувватлаган.
“Сенатор сифатида халқ томонидан сайланган Жозеф Ламбер ўзининг ҳамкасблари томонидан Гаити Республикасининг муваққат Президенти вазифасини 2022 йил 7 февраль куни — сайланган Президентнинг инаугурациясига қадар амалга ошириш учун танланган”, дейилади қарорда.
Аввалроқ, Гаити Депутатлар палатасида (парламентнинг қуйи палатаси) энг катта фракцияга эга бўлган Тет Кале партияси Ламберни янги давлат раҳбари сайлангунга қадар вақтинчалик Президент этиб тайинлашни таклиф қилган эди. Партия, шунингдек, Ариэль Анри Бош вазир бўлиши ва ҳукуматни тузиши керак, деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, қотиллик қурбони бўлган Президент Жовенель Моиз ўлдирилишидан икки кун олдин Анрини Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари этиб тайинлаганди, аммо у ушбу лавозимда расман иш бошлашга улгурмаганди.
Мамлакат Президенти ўлдирилганидан сўнг, Клод Жозеф Гаити Бош вазирлигини ўз қўлига олди. Моиз томонидан Бош вазир лавозимига тайинланган Анри эса янги сайловлар олдидан Республика бошқарувини ўз зиммасига олиши кераклигини айтиб, амалдаги ҳукуматни тўлиқ, деб ҳисобламаслигини қўшимча қилди.
Гаитида президентлик ва парламент сайловлари жорий йилнинг 26 сентябрига белгиланган, агар керак бўлса, 21 ноябрь куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 июлга ўтар тунда Гаити Президенти Жовенель Моиз мамлакат пойтахти Порт-о-Пренседа жойлашган Пелерин қароргоҳида ўлдириб кетилди.
Мамлакат Бош вазир вазифасини бажарувчи Клод Жозефга кўра, ҳужумни уюштирганларнинг баъзилари инглиз ва испан тилларида гаплашган. Жозеф мамлакатдаги хавфсизлик ҳолати Гаити Миллий полицияси ва Қуролли кучлари назорати остида эканини айтиб, аҳолини тинчликка чақирди. Ҳукумат Республикада 15 кунлик ҳарбий ҳолатни жорий қилди.