Гаитида жиноий тўдаларга қарши курашиш учун Сальвадор 2 минг ҳарбийсини юборди
Олам
−
11:45 239 2 дақиқа
Сальвадор Гаитидаги жиноий тўдаларга қарши курашиш учун мамлакатга 2 мингдан ортиқ ҳарбий юборди. Улар Гаити полицияси билан биргаликда пойтахт Порт-о-Пренсда қуролли гуруҳлар эгаллаб олган стадионни қайтарди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Сальвадор ҳарбийлари Гаити полицияси билан биргаликда пойтахт Порт-о-Пренсдаги Сильвио Катор стадионини жиноий тўдалар назоратидан қайтарган. Ушбу стадион 2024 йилдан бери қуролланган гуруҳлар таянч нуқтасига айланган, мамлакат футбол терма жамоаси эса уйдаги ўйинларини хорижда ўтказишга мажбур бўлган.
Сальвадор Президенти Найиб Букеле октябрь ойи ўрталаридан буён Гаитига 2 мингдан ортиқ ҳарбий юборган. Унинг ҳукумати бу ҳаракатларни жиноий тўдаларга қарши курашда Гаитига ёрдам бериш сифатида изоҳламоқда.
Маҳаллий аҳоли ҳарбийларнинг ҳаракатларини умид билан қарши олмоқда. Порт-о-Пренс кўчаларида Букелени қўллаб-қувватловчи намойишлар ҳам ўтказилган. Айрим фуқаролар қуролли гуруҳлар ҳужумлари оқибатида уй-жойидан айрилганини, ўз маҳаллаларига қайта олмаётганини билдирган.
Бироқ операциянинг оқибатларидан хавотирланаётганлар ҳам бор. Айрим фаоллар Сальвадордаги жиноий тўдаларга қарши кураш жараёнида минглаб бегуноҳ одамлар ҳам суд жараёнисиз қамалганини эслатиб, Гаитида ҳам тинч аҳоли жабр кўриши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Маълум қилинишича, Сальвадор ҳарбийларининг Гаитига юборилишига 18 октябрь куни БМТ кўмагидаги кучлари таркибида ишлаган тўрт нафар сальвадорлик авиация мутахассисининг ўғирланиши сабаб бўлган. Сальвадор вице-президенти Феликс Ульоа улар озод этилганидан кейин ҳарбийлар мамлакатни тарк этишини билдирган. Бироқ операциянинг қанча давом этиши ҳозирча аниқ эмас.
Маълумот учун, Гаитидаги жиноий тўдалар фаолияти оқибатида 1,5 миллиондан ортиқ киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган, минглаб одамлар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаитининг марказий Артибонит ҳудудида хавфсизлик операциясидан кейин қуролли бандаларнинг қасос ҳужуми оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси