Гаитида қуролли тўданинг қасос ҳужумида камида 11 киши ҳалок бўлди
Олам
−
08:52 492 2 дақиқа
Гаитининг марказий Артибонит ҳудудида хавфсизлик операциясидан кейин қуролли бандаларнинг қасос ҳужуми оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 28 сентябрь куни содир бўлган. Маҳаллий мэр Ҳубер Сенеакнинг айтишича, қуролли бандалар аҳоли яшайдиган ҳудудга ҳужум қилиб, одамларни ўлдирган ва уйларни ёқиб юборган. У ҳалок бўлганлар сони 11–12 нафар эканини маълум қилган.
Ҳодисадан олдин кун давомида БМТ кўмагидаги Гангларни бостириш кучларининг Шри-Ланка бўлинмаси ноқонуний пул йиғиш пунктларини ташкил қилган банда аъзоларига қарши операция ўтказган. Кучлар баёнотига кўра, операция натижасида 3 нафар банда аъзоси ўлдирилган.
Мэрнинг айтишича, БМТ кўмагидаги кучлар ҳудудда бир неча соат қолганидан сўнг ўзлари жойлашган Гонаив шаҳрига қайтиб кетган.
“Зўравонлар қасос сифатида ҳужум қилиб, одамларни ўлдирди ва уйларни ёқиб юборди”, деган Сенеак.
Гаити Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тармоғи раҳбари Рози Дусена қурбонлар ва етказилган зарарнинг аниқ миқдори ҳозирча номаълум эканини айтган. У бир оиланинг бир нечта аъзоси ҳалок бўлгани ҳақида маълумот олинганини билдирган.
Мэрнинг маълум қилишича, ҳужум содир бўлган ҳудуд Kokorat San Ras қуролли тўдасининг таянч нуқталаридан бири ҳисобланади.
Гаитининг хавфсизлик билан боғлиқ инқирози пойтахт Порт-о-Пренсдан ташқари ҳудудларга ҳам тарқалмоқда. Қуролли тўдалар мамлакатда ўз назорати остидаги ҳудудларни кенгайтирмоқда.
БМТ кўмагидаги Гангларни бостириш кучларининг ваколат муддати ҳам бу ҳафта якунланиши керак. Уни узайтириш масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашида бугун, 29 сентябрь куни овозга қўйилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Гаити пойтахти Порт-о-Пренс яқинидаги Кенскофф ҳудудида қуролли бандаларнинг тунги ҳужуми оқибатида камида 47 киши ҳалок бўлган, яна 22 киши жароҳат олганди.
Live
БарчасиStarship космик кемаси илк бор орбитага йўл олди
28 Сентябрь