Гаити Президенти ўз қароргоҳида отиб ўлдирилди

Олам

image

Бугун, 7 июлга ўтар тунда Гаити Президенти Жовенель Моиз мамлакат пойтахти Порт-о-Пренседа жойлашган Пелерин қароргоҳида ўлдириб кетилди. Бу ҳақда “France 24” Гаити Бош вазирининг баёнотига асосланиб хабар берди.

Маълум қилинишича, қароргоҳга ҳужум тунги соат 01:00 атрофида амалга оширилган. Президент ўлик ҳолда топилган, унга ўқ узилгани аниқланган. Бундан ташқари, биринчи хоним Мартина Моиз ҳам ушбу ҳужум оқибатида яраланган. У ҳозир шифохонада.

“7 июль куни тунги соат 1 да баъзилари испан тилида гаплашган (давлат тили француз тили ҳисобланади — таҳр.) бир гуруҳ номаълум шахслар Республика Президентининг шахсий қароргоҳига ҳужум қилиб, уни ўлдиришди”, дейилади ҳукумат баёнотида.

Шунингдек, Гаитининг муваққат Бош вазири Клод Жозеф мамлакатда вазият Гаити миллий полицияси ҳамда қуролли кучлари назорати остида эканини қўшимча қилган. У мамлакат Президенти вазифаларини ўз зиммасига олганини маълум қилиб, қотилликни “ваҳшийлик ҳаракати”, деб қоралаган.

Қизиғи шундаки, Президент Моиз отиб ўлдирилишидан 2 кун аввал, яъни 5 июль куни мамлакатга янги Бош вазир Ариэль Генрини тайинлаганди.

Қурбон Жовенель Моиз 2016 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозониб, 2017 йил февралидан бери Гаитини бошқариб келаётганди.

Моизга аввал ҳам суиқасд қилинган. 2018 йил октябрь ойида номаълум шахслар Президентнинг Пон-Ружга ташрифи чоғида уни ўлдиришга уринган. Мамлакат етакчиси мустақил Гаити давлатининг асосчиси ва унинг биринчи ҳукмдори Жан-Жак Дессалин (Жак I) ёдгорлигига гул қўяётганда номаълум шахслар унга қарата ўт очган. Ўша ҳужумда давлат раҳбарининг икки қўриқчиси жароҳат олиб, улардан бири бошидан ўқиб еб ҳалок бўлган. Моиз эса омон қолган ва дарҳол хавфсиз жойга кўчирилган.

Маълумот ўрнида, Гаити Америка қитъасида жойлашган энг қашшоқ ва беқарор давлатлардан биридир. У ерда доимий равишда очлик, табиий офатлар ва давлат тўнтаришлари бўлиб туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қотиллик Гаити Америка

Баҳолаганлар

653

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг