Гаити Президентини ўлдирган америкаликлар мақсадлари нима бўлганини айтди

Олам 16571
image

Гаити Президенти Жовенель Моизни ўз қароргоҳида ўлдирганлар уларнинг мақсади қотиллик бўлмаганини айтмоқда. Бу ҳақда полиция томонидан ҳибсга олинган икки америкаликнинг кўрсатмасида сўз боради. 

“Улар (қотиллар) ўзларининг таржимон эканини айтди. Босқиннинг мақсади (Моизнинг қароргоҳида) уни ўлдириш эмас, балки Президент Жовенель Моизни тергов судьясининг буйруғи ижроси доирасида ҳибсга олиш эди”, дейилади гаитилик судья Клеман Ноэлнинг баёнотида. 

Судья Клеман ҳужум иштирокчилари қандай буйруқни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган. Суриштирув давомида ҳибсга олинганлардан Гаити Президенти қароргоҳига босқиннинг бевосита буюртмачиси ким бўлгани сўралган. Ҳибсга олинганлардан бири — америкалик Солаж “бу ишни Интернетдан топдим”, деб жавоб берган. 

Гаити судьяси, шунингдек, полиция томонидан ҳужум қилганлар фойдаланган автомобиль топилганини айтган. Ундан бешта ўқотар қурол, шу жумладан иккита 9 миллиметрли тўппонча, 5,56 миллиметли патронлар ва Гаити Президенти қароргоҳидан олинган видеокузатув камераси топилган. Шунингдек, автомобилда Моиз ва унинг рафиқаси номига ёзилган чек дафтарчаси, АҚШ доллари банкноталари, ўқ ўтказмайдиган нимча ҳамда мобил телефонлар топилган.

Аввалроқ, Гаити Миллий полицияси Моизга қилинган ҳужумда иштирок этган жиноятчилар гуруҳида камида 28 киши бўлгани ҳақида хабар берган эди. Ҳибсга олиш пайтида ҳужум қилганларнинг еттитаси йўқ қилинган, 15 нафари топилган ва яна бир нечта жиноятчилар қидирилмоқда.

Фото: Гаити Президенти ва мамлакатнинг биринчи хоними

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июлга ўтар тунда Гаити Президенти Жовенель Моиз мамлакат пойтахти Порт-о-Пренседа жойлашган Пелерин қароргоҳида ўлдириб кетилди. Ҳужум пайтида мамлакатнинг биринчи хоними Мартин Моиз ҳам яраланди ва кейинроқ шифохонада вафот этди. 

Мамлакат Бош вазир вазифасини бажарувчи Клод Жозефга кўра, ҳужумни уюштирганларнинг баъзилари инглиз ва испан тилларида гаплашган. Жозеф мамлакатдаги хавфсизлик ҳолати Гаити Миллий полицияси ва Қуролли кучлари назорати остида эканини айтиб, аҳолини тинчликка чақирди. Ҳукумат Республикада 15 кунлик ҳарбий ҳолатни жорий қилди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 602
Рейтинг: 3
t
×