Жирканч жиноят: хотинини ўлдириб, 2,5 яшар қизини зўрлаган ота умрбод қамалди
3-саҳифа
−
13965 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 24 ёшдаги хотинини ўлдириб, 2,5 яшар қизига жинсий зўравонлик қилган ва унинг ҳам умрига зомин бўлган эркак умрбод қамалди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 7 июнь куни содир бўлган. Эркак соат 6:00 ларда спиртли ичимлик таъсирида турмуш ўртоғи яшаб келган хонадонга бориб, уй эшигини ўзида мавжуд калит билан очган. У турмуш ўртоғи Э.ни рашк сабаб қасддан ўлдиришни мақсад қилган ва шу куни соат 7:30 ларда хонадон меҳмонхонасида ожиз аҳволдаги хотинининг бош соҳасига бир марта қўли билан уриб, сўнг бўйин қисмидан бўғган. Шу орқали хотинининг ҳаёти учун оғир тан жароҳатларини етказган ва қасддан ўлдирган.
Онаси ҳаётдан кўз юмгандан кўп ўтмай, жанжал овозидан уйғонган, ҳали икки ярим ёшга тўлмаган қизалоқ ҳам отасининг зўравонлигига дуч келган. Эркак 2023 йилда туғилган фарзанди С. ни кўрган ва унинг ожизлигидан фойдаланиб, хонадон ётоқхонасига олиб кирган ҳамда зўрлик ишлатиб, ўзининг жинсий эҳтиёжини инсонга хос бўлмаган ғайритабиий усулда қондирган. Ота жирканч жиноятини ҳамда мурдани яшириш мақсадида С. нинг жасадини хонадондаги қора рангли спорт сумкасига жойлаб, отаси яшаб келган уйга олиб борган ва ҳовлидаги эски услубда қурилган ҳожатхонага ташлаб юборган.
Бироқ 28 ёшли эркак суд жараёнида айбловларни тан олмаган, аммо иш бўйича тўпланган далиллар баҳоланиб, у турмуш ўртоғи ва қизининг ўлимида айбли деб топилган. Суд ҳукми билан эркакка жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандларининг устига бензин сепиб, ёқиб юборган эркак умрбод қамалганди.
Live
Барчаси