Украинанинг собиқ Президенти Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди

Олам

image

Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко Британия ва халқаро доираларни Россияга қарши кенгроқ санкциялар жорий этишга чақирди. У бу ҳақда Буюк Британиянинг BBC телеканалига берган интервьюсида гапирган.

Сиёсатчи Россия Президенти Владимир Путиннинг позициясини номақбул деб атади. 

Порошенконинг ишончи комилки, бутун Россия банк сектори халқаро банк тизимидан чиқариб ташланиши керак. 

Собиқ давлат раҳбари Visa ва Mastercard тўлов тизимлари томонидан Путиннинг яқин доираларига нисбатан қўйилган тақиқни эслатиб ўтди ва бу чоралар Россиянинг барча молиявий тузилмаларига татбиқ этилишини талаб қилди. 

Порошенконинг таъкидлашича, Украина халқи Россияни қўлида қурол билан ҳудудига кириб боришига йўл қўймайди ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини ҳимоя қилади. 

Порошенко россиялик ҳарбийларнинг Киевни ўраб олишга уринишлари ҳақида гапирар экан, “(Путин) шаҳарни ўраб олиши, электрни ўчириши мумкин, лекин у Украина руҳини синдира олмайди”, деган. 

Порошенко Россия Қуролли кучларининг сўнгги 3 кун ичида Киевга қилган ҳужумлари ҳеч қандай натижа бермаганини эслатди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг