Украинанинг ҳужуми оқибатида Қрим электрсиз қолди
Олам
−
18:26 491 2 дақиқа
Украина Қуролли кучлари бугун, 4 ноябрга ўтар кечаси Россиянинг энергетика объектларига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида Қрим яримороли ва Севастополь шаҳрида электр таъминоти узилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Россия Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, зарбадан кейин Қрим ва Севастополдаги истеъмолчилар электр энергиясисиз қолган. Энергетика соҳаси ходимлари авария оқибатларини бартараф этиш ва электр таъминотини тиклаш ишларини бошлаган.
Ҳозирда электр энергиясини истеъмол қилиш вақтинча чекланмоқда. Бу чоралар ҳужум оқибатларини тезроқ бартараф этиш ва электр таъминотини босқичма-босқич тиклаш учун жорий этилган. Ижтимоий аҳамиятга эга объектлар эса захира электр манбаларига уланмоқда.
Аввалроқ, Қрим раҳбари маслаҳатчиси ярим оролдан ташқаридаги энергетика тизимида яна авария юз берганини маълум қилган. Унинг айтишича, электр таъминотидаги чекловлар шу сабабли жорий этилган ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бугун, 4 ноябрга ўтар кечаси мамлакат ҳудудлари ҳамда Қора ва Азов денгизлари устида Украина томонидан учирилган 709 та дрон тутиб олиниб, йўқ қилинган.
Дронлар Белгород, Брянск, Курск, Калуга, Тула, Рязань, Орёл, Воронеж, Саратов, Самара ва Ростов вилоятлари, Краснодар ўлкаси, Москва ҳудуди, Қрим ҳамда Адигея устида уриб туширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қуйи Новгород вилоятидаги “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез“ нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учраганди. Ҳужум оқибатида Кстово туманидаги саноат корхонаси жиддий зарар кўрган.
Live
Барчаси