Украинадаги уруш фонида Макроннинг рейтинги ошди
Олам
−
09 Март 2022
9331Франциянинг амалдаги Президенти Эммануэль Макроннинг рейтинги ҳафта давомида 8,5 фоиз пунктга кўтарилиб, 33,5 фоизни ташкил қилди. Буни “Elabe” социологик хизмати томонидан ўтказилган ижтимоий сўров тасдиқлаган.
Макроннинг биринчи турдаги энг яқин рақиби ва иккинчи турга “Миллий бирлашма” партиясидан номзод Марин Ле Пенга сўровнома иштирокчиларининг 15 фоизи овоз беришга тайёр бўлган. Аммо Ле Пен бир ҳафта ичида ўз рейтингида икки фоиз пункт йўқотган бўлса, “Бўйсундирилмаган Франция” сўл ҳаракати вакили Жан-Люк Меланшон, аксинча, 0,5 фоиз пунктга эга бўлиб, 13 фоиз билан учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Қайд этилишича, Украина кун тартиби фонида Макроннинг президентликка қайта сайланиш имконияти сезиларли даражада ошган.
Сўровнома интернет орқали 7-8 март кунлари ўтказилган. Унда Франциянинг Европа қисмининг 18 ёшдан ошган 1580 нафар аҳолиси иштирок этган. Францияда президентлик сайловлари икки турда – жорий йилнинг 10 ва 24 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, Россия Украинага бостириб кирганидан буён Макрон қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. У шу пайтгача Россия Президенти Владимир Путин билан бир неча маротаба суҳбатлашди. У Путин билан музокаралардан сўнг Украинадаги вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини айтди.
Кеча, 8 март куни эса Макрон Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Германия канцлери Олаф Шольц билан виртуал учрашув ўтказди. Унда уч давлат Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни биргаликда қўллаб-қувватлаши кераклиги айтилди.
Шунингдек, 6 март куни Макрон Украина Президенти Владимир Зеленский билан суҳбатлашган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси