Украинадаги рус қўмондонлари бевосита Путинга ҳисоб беряпти – ISW

Олам

image

Украинада Россия Федерацияси қўшинларига бошчилик қилаётган қўмондонлар катта эҳтимоли билан Мудофаа вазири Сергей Шойгуга эмас, балки бевосита Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга бўйсунади. Бу ҳақда АҚШнинг Урушни ўрганиш институти  (Institute for the Study of War) ўз ҳисоботида маълум қилган.

Таъкидланишича, шу тариқа Украинадаги рус қўшинлари қўмондонлари қўмондонлик тизимида Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни четлаб ўтяпти.

ISW'нинг ҳисоботига кўра, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинага кенг кўламли босқиннинг дастлабки босқичи муваффақиятсизликка учрагач, Президент Владимир Путиннинг ишончини йўқотган бўлиши мумкин. Ваҳоланки, Шойгу Украинадаги урушда тезда ғалаба қозонишга ишонтирган. 

Шунингдек, ISW ҳисоботида Президент Путин Украинада уруш масаласини Шойгу билан эмас, Марказий округ қўмондони Александр Лапин ва  Россия Аэрокосмик кучлари қўмондони Сергей Суровикин билан муҳокама қилаётгани айтилган.

“Манбаларнинг таъкидлашича, ҳозир Путин Шойгуни четлаб ўтиб, Украинадаги “Марказий” қўшинлар гуруҳини бошқараётган Марказий ҳарбий округ қўмондони Александр Лапин ва Россия Аэрокосмик кучлари ва “Жанубий” қўшинлар гуруҳи қўмондони Сергей Суровикин билан бевосита мулоқот қилмоқда”, дейилади Америка Урушни ўрганиш марказининг ҳисоботида.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг