Украинада уруш бошланганидан бери қанча тинч аҳоли ўлдирилгани айтилди
Олам
−
31 Май 2022
6535Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 4074 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 4826 нафар фуқаро жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида 262 нафар бола ҳам бор. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Донецк ва Луганск вилоятларида 2307 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 2730 нафари яраланган. Тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари назоратидаги ҳудудларда эса 136 киши ҳалок бўлган, 569 киши жароҳатланган.
Аввал Украина ҳукумати назоратида бўлган вилоятларда 2171 киши ҳалок бўлган, 2161 киши яраланган. Украинанинг бошқа ҳудудларида эса 1767 киши ҳалок бўлган, 2096 киши жароҳат олган.
“Тинч аҳолининг аксарияти катта вайронагарчилик майдонида портловчи қуроллардан фойдаланиш, жумладан, оғир артиллерия ва ялпи ҳужум реактив тизимидан ўққа тутилиши, ракета ва ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган”, дейилади хабарда.
Олий комиссар бошқармаси маълумотларига кўра, тинч аҳоли орасидаги қурбонларнинг ҳақиқий сони кўпроқ бўлиши мумкин, чунки жанглар давом этаётган ҳудудларда ҳисоблаш қийин. Ҳисоботга киритилмаган айрим рақамлар ҳали ҳам тасдиқланишини кутмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси